
Марказий Осиё мамлакатларининг хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлигидан мақсад — таҳдид ва хавф-хатарларга қарши туриш бўйича умумий салоҳиятни шакллантириш. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев минтақа давлат раҳбарларининг 2025 йил 16 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган еттинчи Маслаҳат учрашуви арафасида чоп этилган «Марказий Осиё янги давр бўсағасида» сарлавҳали мақоласида ёзади.
«Хавфсизлик кенгашлари котиблари, махсус хизматлар, мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарларининг мунтазам учрашувларини давом эттириш керак», — дея қайд этади президент.
«Хавфсизликнинг бўлинмаслиги» тамойили асосий тамойил бўлиб қолиши керак, дея таъкидлайди.
«Шу билан бирга, минтақавий ҳамкорлик амалдаги халқаро механизмлар билан узвий бирлашиб, мамлакатлар ва бутун минтақа хавфсизлигига таҳдид солувчи кенг доирадаги хавф-хатарларга қарши туриш ва барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича ўз салоҳиятини шакллантириши керак», — дейилади давлат раҳбари мақоласида.
«Глобал ноаниқлик даврида яхши қўшничилик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш — бу Марказий Осиёнинг асосий ресурси. Минтақа мамлакатлари якка тартибда енгиши қийин бўлган умумий хавфсизлик муаммолари ва тараққиёт вазифалари биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан муваффақиятли ҳал этилиши мумкин», — дейилади мақолада.
«Ишонч ва шерикликни мустаҳкамлаш ўз келажагини умумий она диёримиз — Марказий Осиёнинг тинчлиги, барқарорлиги ва тараққиёти билан боғлаган миллионлаб одамлар манфаатларига мос келади», — дея қайд этади Шавкат Мирзиёев.
Афғонистон
Минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш Афғонистон билан боғлиқ масалаларни ҳал қилмасдан туриб имконсиз, деб ёзади Ўзбекистон президенти.
«Бу давлат четки ҳудуд эмас, балки умумий минтақамизнинг табиий қисми. Бутун Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликнинг мустаҳкамлиги кўп жиҳатдан Афғонистоннинг тикланиши ва ривожланишига боғлиқ», — дея таъкидлайди.
«Афғонистоннинг кўп азият чеккан халқи чуқур гуманитар инқироз шароитида яшашда давом этмоқда. Шу муносабат билан, минтақа мамлакатлари Афғонистонни минтақавий ва халқаро жараёнларга изчил жалб этиш зарурлигидан келиб чиқади, бу эса мамлакат тараққиётига ва кенг минтақамизда барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади», — дейилади мақолада.
Унинг сўзларига кўра, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги боғловчи бўғин бўлиши керак бўлган Трансафғон темир йўли қурилиши муҳим аҳамиятга эга. «Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши савдо, инвестиция ва транспорт ўзаро боғлиқлиги учун янги имкониятлар яратади, шунингдек, Афғонистоннинг иқтисодий тикланиши учун асос бўлиб хизмат қилади».
Афғон халқига гуманитар ва таълим ёрдами кўрсатиш, энергетика ҳамкорлигини ривожлантириш ва иқтисодиётнинг асосий тармоқлари учун мутахассислар тайёрлаш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
«Афғонистон тинчлик ва хавфсизлик, ҳамкорлик ва ривожланишнинг умумий маконининг бир қисмига айланиши керак, бу эса минтақадаги барча мамлакатлар манфаатларига жавоб беради ва Марказий Осиёнинг жанубий сарҳадларида барқарорликнинг мустаҳкам минтақасини шакллантиришга ёрдам беради», — дея таъкидлайди Ўзбекистон президенти.

