
2026 йил 16−17 сентябрь кунлари Сеулда «Марказий Осиё — Корея Республикаси» биринчи саммити бўлиб ўтади. Бу ҳақда Жанубий Корея ташқи ишлар вазири Чо Хён 12 февраль куни тадбир ташкилий қўмитаси йиғилишида маълум қилди, деб хабар бермоқда KBS World телеканали.
Саммитда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари иштирок этади.
Чо Хён бўлажак учрашув Жанубий Корея учун муҳим воқеа бўлишини ва Сеулнинг «янги шимолий сиёсати»ни амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттириш орқали мамлакатнинг дипломатик уфқларини кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.
«Янги шимолий сиёсат» — бу собиқ президент Мун Чжэ Иннинг ташаббуси бўлиб, Евразияда тинчлик ва умумий фаровонлик концепцияси доирасида Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган, деб ёзади Yonhap.
«Ушбу саммитдан кўзланган мақсад нафақат Марказий Осиё давлатлари билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, балки минтақанинг геоиқтисодий аҳамиятидан фойдаланган ҳолда таъминот занжирларини диверсификация қилишни ўз ичига олган ўзаро манфаатли амалий ҳамкорлик учун пойдевор қўйиш», — деди Жанубий Корея ТИВ раҳбари.
The World Korea нашрининг ёзишича, Жанубий Корея ҳукумати бўлажак саммитдан қуйидаги соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш имконияти сифатида фойдаланиш ниятида:
- Критик минераллар ва энергетика соҳасидаги шериклик;
- Саноат ва рақамли трансформация;
- Транспорт ва логистика алоқалари;
- Мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик;
- Қишлоқ хўжалиги, иқлим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик.
2025 йил декабрь ойида Токиода «Марказий Осиё — Япония» биринчи саммити бўлиб ўтган эди.