
Марказий Осиё давлатлари умумий экологик муаммоларни ҳал этишга қаратилган «Сув ва ер ресурсларининг ўзаро боғлиқлиги» (CAWLN) лойиҳасини ишга туширди. Дастур ҳукуматларга сув ресурсларининг камайиши ва ерларнинг деградацияланишини секинлаштириш, минтақанинг сув хавфсизлигини яхшилаш ва ресурсларни барқарор бошқаришга ёрдам беришга мўлжалланган. Лойиҳанинг ишга туширилиши 2025 йил 25 ноябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган CITES Конвенцияси Томонларнинг 20-Конференцияси (CoP-20) доирасида амалга оширилди.
Дастур Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Марказий Осиёнинг ҳар бир мамлакатидаги экология соҳасидаги регуляторлар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Лойиҳаларга Глобал экологик фонд (ГЭФ) ҳомийлик қилмоқда.
Дастур еттита лойиҳани ўз ичига олади: учтаси барча мамлакатларни қамраб олувчи минтақавий ва тўрттаси миллий — ҳар бир мамлакат учун биттадан.
Ўзбекистонда тўртта асосий ташаббус амалга оширилмоқда:
- Амударё, Зарафшон ва Панж дарёлари ҳавзаларида сув ресурсларини интеграциялашган бошқариш(5,84 млн доллар) — мониторингни модернизация қилиш, экологик оқимларни сақлаш, трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлаш.
- Сирдарё ва Норин дарёлари ҳавзаларида сув ресурсларини бошқариш (5 млн доллар) — сув тақсимоти самарадорлигини ошириш ва эрта огоҳлантириш тизимларини ривожлантириш.
- Экотизим хизматлари ва биохилма-хилликни қўллаб-қувватлаш (5,6 млн доллар) — деградацияга учраган ерларни тиклаш, агроэкологик ёндашувларни тарғиб қилиш, ноёб турлар ва агробиохилма-хилликни сақлаш.
- Ер деградациясини камайтириш бўйича минтақавий ташаббус (2 млн доллар) — заиф экотизимлардаги ерларни тиклаш, барқарор амалиётларни жорий этиш ва маҳаллий жамоаларнинг иқлимга чидамлилигини ошириш.
7 та минтақавий ва миллий лойиҳанинг умумий бюджети 26 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Минтақавий лойиҳалар Амударё, Сирдарё, Зарафшон, Панж ва Норин дарёлари ҳавзаларини, шунингдек, сезиларли антропоген ва иқлим босимига учраётган чўл, дашт, тоғ ва яйлов ҳудудларини қамраб олади.
ФАОнинг Ўзбекистондаги раиси ўринбосари Шерзод Умаров таъкидлаганидек, минтақа ерларининг деярли ярми аллақачон деградацияга учраган, йиллик иқтисодий зарар 6 миллиард доллар атрофида баҳоланмоқда, биохилма-хиллик эса ҳар йили 5 фоизга қисқармоқда. Қўшимча босим иқлим ўзгариши, сув тақчиллиги ва ердан фойдаланишнинг нобарқарор усуллари туфайли юзага келмоқда.
ФАОнинг Ўзбекистондаги асосий стратегик ҳамкори Экология ва иқлим ўзгаришлари бўйича Миллий қўмита бўлади. Бироқ, дастурнинг кенг қамровли эканлигини ҳисобга олган ҳолда, бошқа идоралар: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳам яқин ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Шерзод Умаров дастурни амалга ошириш минтақа учун ўзига хос ва янги бўлган Operational Partners Agreement (OPA) модели бўйича ташкил этилишини таъкидлади. Бу лойиҳаларни амалий жиҳатдан етарли салоҳият ва тажрибага эга бўлган учинчи томон ташкилотларига топширишни назарда тутади. Бундай ташкилотлар қаторига Қурғоқчил минтақалардаги қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари халқаро маркази (ICARDA) ёки Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN) кабилар кириши мумкин. Уларга амалга ошириш учун маблағлар ўтказилади, ФАО ва Экология бўйича Миллий қўмита эса ишни мувофиқлаштиради ва назорат қилади.
Шерзод Умаровнинг сўзларига кўра, бундай модел тасодифан танланмаган:
«Сўнгги йилларда халқаро донорлар миллий ҳамкорларнинг институционал салоҳиятини кучайтириш мақсадида кўпроқ масъулиятни уларга ўтказишга интилмоқда. Гап харидлар, бухгалтерия, кадрлар жараёнлари, лойиҳаларни бошқариш соҳасидаги компетенцияларни ошириш ҳақида кетмоқда, бунда миллий тузилмалар аста-секин халқаро стандартлар даражасига чиқиши керак. Шундай қилиб, дастур бир вақтнинг ўзида иккита вазифани ҳал қилади: экологик лойиҳаларни амалга оширади ва давлат идоралари салоҳиятини мустаҳкамлайди».
ФАО вакили Экрем Юсижи CAWLN дастури маҳаллий институтлар салоҳиятини ошириш, энг яхши амалиётларни намойиш этиш ҳамда инновацион технологиялар ва сунъий йўлдош маълумотларидан фойдаланишни таъминлашга қаратилганини таъкидлади.
«Мен болалигимда сув бир кун келиб нефтдан қиммат бўлади, дейишганди. Ҳозир сув аллақачон қиммат. Келажакда у янада қимматлашади. Шунинг учун мамлакатлар асосий экотизим хизматларини ҳимоя қилиши керак», — деди Юсижи.
Ердан оқилона фойдаланиш — ресурсларни тежайдиган деҳқончилик, алмашлаб яйловдан фойдаланиш, ўрмонларни тиклаш — ўрта ва узоқ муддатли истиқболда аҳоли ва давлатларга барқарор иқтисодий фойда келтиради.