«АҚШ Марказий Осиёни эътиборсиз қолдирган аввалги президентларнинг хатоларини тўғирламоқда» — Дональд Трамп

АҚШ Президенти Дональд Трамп 2025 йил 6 ноябрь куни Оқ уйда Марказий Осиё давлатлари етакчилари билан «С5+1» форматида учрашув ўтказди. У саммитни «тарихий воқеа» деб атади ва Қўшма Штатларнинг минтақа давлатлари билан стратегик шерикликни мустаҳкамлашга тайёрлигини таъкидлади.

«Бу ҳақиқатан ҳам ажойиб одамлар ва етакчилар гуруҳини қабул қилиш мен учун катта шараф. Бу стол атрофида ўтирганларга фақат оз сонли раҳбарлар тенглаша олади. Булар Марказий Осиё — дунёнинг ажойиб минтақаси вакилларидир», — деди Трамп.

У Марказий Осиё «ақлли ва бардошли одамлар» яшайдиган «кучли ва мураккаб минтақа» эканини қайд этди.

«Биз Овал кабинетда ушбу етакчилар билан маҳсулдор икки томонлама учрашувлар қаторини якунладик, у ерда биз дунёнинг ўта муҳим минтақаси билан муносабатларимизни муҳокама қилдик. Биз иқтисодий шерикликларни мустаҳкамлаяпмиз, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирмоқдамиз ва умумий алоқаларни кенгайтирмоқдамиз», — деди Трамп.

Президент, сўнгги ойларда АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида, жумладан, Америка ҳарбий техникасини етказиб беришни ўз ичига олган «катта ҳажмдаги савдо битимлари» тузилганини эслатди. «Биз дунёдаги энг яхши ҳарбий техникани ишлаб чиқарамиз ва бу етакчилар буни жуда яхши тушунишади, айниқса мен лавозимимга киришганимдан ва Америка Қуролли Кучларини тўлиқ янгилаганимдан кейин», — дея таъкидлади.

Трампнинг сўзларига кўра, унинг маъмурияти «дунёнинг тарихий ва географик чорраҳасида» жойлашган Марказий Осиё мамлакатлари салоҳиятини эътиборсиз қолдирган «аввалги президентларнинг хатоларини тўғирламоқда».

«Бугунги кунда уларнинг Евросиёнинг қоқ марказида жойлашгани уларга улкан аҳамият ва жуда катта салоҳият бахш этади. Афсуски, АҚШнинг аввалги президентлари бу минтақани бутунлай эътиборсиз қолдиришган. Бу ҳайратланарли, чунки Марказий Осиё нафақат стратегик жиҳатдан муҳим, балки ўта бой ҳудуд ҳамдир. Биз бу хатони тўғирлаяпмиз. Мен Американинг ушбу мамлакатларнинг ҳар бири билан шериклигини ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ қилиш ниятидаман», — деди Трамп.

У учрашувнинг асосий мавзуларидан бири муҳим минераллар билан ишлаш эканлигини қайд этди.

«Сўнгги ҳафталарда менинг маъмуриятим ушбу ресурсларнинг таъминот занжирларини кенгайтириш учун бутун дунё бўйлаб иттифоқчилар ва ҳамкорлар билан келишувлар тузиш орқали АҚШнинг иқтисодий хавфсизлигини мустаҳкамлади», — деди Трамп.

Халқаро масалаларга тўхталар экан, Трамп Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик шартномаси тузилганини маълум қилди, шунингдек, Россия ва Украина ўртасидаги уруш тугашига умид билдирди.

«3 ой олдин менинг маъмуриятим Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тарихий тинчлик шартномасига эришди, бу биз 8 ой ичида тугатишга муваффақ бўлган саккизта қуролли можародан бири. Ҳозирда биз Россия ва Украина ўртасидаги яна бир масала устида ишлаяпмиз. Биз ҳали келишувга эришганимиз йўқ, лекин мен айтганимдек, биз катта ютуқларга эришдик», — деди.

АҚШ Президенти «Халқаро тинчлик ва фаровонлик учун Трамп йўналиши» (TRIPP) лойиҳаси — Озарбайжон ҳудуди ва унинг Арманистон ҳудуди орқали Нахичеван Автоном Республикаси эксклави ўртасидаги транспорт коридори ҳақида сўз юритди. Унинг сўзларига кўра, бу йўналишдан Марказий Осиё мамлакатлари Европага чиқиш учун фойдаланиши мумкин.

«Бу йўл дунёнинг энг муҳим, шу жумладан иқтисодий нуқтаи назардан ҳам муҳим нуқталари орқали ўтади ва Каспий денгизининг нариги томонида савдо ва ҳамкорликни фаоллаштириш, Марказий Осиё давлатларига ёрдам бериш учун мўлжалланган», — дея таъкидлади.

Бундан ташқари, Трамп Қозоғистон расман Иброҳим келишувларига қўшилганини маълум қилиб, буни «тинчликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам» деб атади.

«Ушбу ажойиб етакчилар, катта ҳурматга сазовор бўлган инсонлар ёнида бўлиш мен учун катта шараф. Ва очиғини айтаман — улар ўйин ўйнамайди», — деди Америка Президенти.

Ўзбекистон Президенти «С5+1» саммитида АҚШ Президентининг Марказий Осиё билан ҳамкорликни ривожлантиришдаги ролини юқори баҳолади. У Дональд Трамп Россиянинг Украинага қарши урушини тўхтатишига умид билдирди. Шавкат Мирзиёев навбатдаги саммитни 2026 йилда Самарқандда ўтказишни таклиф қилди.

Президентнинг Вашингтонга бўлган бу галги ташрифи чоғида Ўзбекистон ва АҚШ ноёб ер металларини қазиб олиш, насос станцияларини модернизация қилиш, томчилатиб суғориш тизимларини жорий этиш, самолётлар, ловия ва пахта етказиб бериш бўйича келишувларни имзоладилар. Дональд Трамп мамлакатлар ўртасида 10 йил муддатга 100 миллиард долларлик «ақл бовар қилмас савдо-иқтисодий битим» тузилганини маълум қилди.