
Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 10 сентябрь куни Ўзбекистонда молиявий технологиялар соҳасини ривожлантириш бўйича таклифлар билан танишди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.
2024 йилда глобал финтех бозорининг ҳажми 300 миллиард доллардан ошди, 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 2 баравардан зиёдга — 600 миллиард доллардан ортиши кутилмоқда.
2018 йилда Ўзбекистонда 24 та финтех компанияси фаолият юритган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 103 тага етди. 2024 йилда маҳаллий корхоналар 260 миллион доллардан ортиқ хорижий инвестицияларни жалб қилди, бу 2023 йилгига нисбатан 4 баравар кўп (катта қисми Uzum ҳиссасига тўғри келади).
2025 йил 20 август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқот чоғида президент минглаб стартапларни қўллаб-қувватлаш, open banking тизимини жорий этиш ва финтехни ривожлантириш бўйича 5 йиллик стратегияни ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлаган эди.
Марказий банк раиси Тимур Ишметов ушбу ташаббусларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирларни тақдим этди.
Стратегияни ишлаб чиқиш учун амалдаги қонунчилик базаси, соҳанинг бугунги ҳолати, инфратузилма ва кадрлар салоҳияти даражаси таҳлил қилинмоқда. Халқаро экспертлар, жумладан, сингапурлик мутахассислар жалб қилинган ҳолда хорижий тажриба ўрганилмоқда.
Шу асосда миллий тамойиллар шакллантирилади, институционал архитектура ва идоралараро ҳамкорлик механизмлари белгиланади. Мақсад — барқарор, инклюзив ва рақобатбардош молиявий хизматлар экотизимини яратиш.
Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, сунъий интеллект ва блокчейн технологияларидан фойдаланиш банклар даромадини 20%га ошириши, кўрсатилаётган хизматлар ҳажмини 30%га кенгайтириши ва таваккалчиликларни 15%га камайтириши мумкин.
Президент банкларнинг технологик имкониятларини кенгайтириш, рақамли хизматлар улушини ошириш, финтех компаниялар ва стартапларни тизимли қўллаб-қувватлаш, шунингдек, IT-инфратузилмани ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.
Учрашувда соҳада муваффақият мезонларини белгилаш ва бошқариш учун Марказий банк ҳузурида финтех-офис ташкил этиш вазифалари белгилаб олинди. Шавкат Мирзиёев стартапларни тезлаштириш, янги ғояларни жорий этиш ва инвестицияларни жалб қилиш учун инновацион марказ ташкил этиш режаларини маъқуллади.
Ушбу чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг финтех соҳасида минтақавий марказга айланишига хизмат қилиши кутилмоқда.
«Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида Марказий банк раиси Тимур Ишметов регулятор стартаплар билан фаол ҳамкорлик қилиш, зарур бўлса, қонунчиликка ўзгартиришлар киритишни ташаббус қилиш, open banking тизимини жорий этишни тезлаштириш ва ўз инфратузилмасини рақамлаштиришни мақсад қилганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Марказий банк финтех лойиҳаларига, жумладан, венчур фондлари маблағларини жалб қилишга ҳам кўмаклашади. Президент Марказий банкни стартаплар ва финтех компанияларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича масъул орган этиб белгилади, деди Ишметов.
Асосий вазифалардан бири финтех соҳасида 1000 нафаргача мутахассис тайёрлаш, 100 тагача стартап ишланмаларини синовдан ўтказиш, шунингдек, Сингапур ва Бирлашган Араб Амирликларидаги тадбирлар намунаси асосида финтех фестивалларини ўтказиш бўлади.