
Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида Lacetti русумли автомобиль ҳайдовчиси уч ёшли болани уриб юборгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси хабарига кўра, йўл-транспорт ҳодисаси 2025 йил 10 май куни Зуҳро кўчасида содир бўлган. 55 ёшли Д. А. бошқарувидаги автомобиль А. А.ни (2022 йилда туғилган, ўша пайтда 2 ёш 6 ойлик бўлган) уриб юборган.
Видеода аёлнинг кўп қаватли уй олдида ўйнаётган болани босиб ўтиб, унинг чинқириқларига эътибор бермасдан ҳаракатни давом эттириб, воқеа жойини тарк этгани кўринади. Натижада бола жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган. Бошқарма маълумотларига кўра, унинг аҳволи «яхши» деб баҳоланмоқда.
«Набирамнинг чаноқ суяклари уч жойидан синган. У бир ой тўшакка михланиб ётди. Ҳозир ҳам тўлиқ тузалмади. Ҳайдовчи аёл эса ҳатто қизиқмади ҳам. Шифокорлар 6 ойда яхши бўлади дейишяпти. Лекин ҳеч ким тўлиқ тузалишга кафолат бера олмайди», — деди боланинг бувиси Kun.uz нашрига берган интервьюсида.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан ҳаракат хавфсизлиги ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш, бу ўртача оғир ёки оғир тан жароҳатига олиб келиши / базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) ва 117-моддаси (хавф остида қолдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Иш судга юборилган.
«Ҳурматли ота-оналар, фарзандларингизни қаровсиз қолдирманг!», — дея баёнот берди ИИБ.