
Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида уч ёшли болани уриб юборган Lacetti русумли автомобиль ҳайдовчисига ҳукм ўқилди, дея хабар берди «Ruxsor TV» телеканали.
Воқеа 2025 йил 10 май куни Зуҳро кўчасида содир бўлган. 55 ёшли Д. А. Lacetti русумли автомобилни бошқариб кетаётиб, 2022 йилда туғилган А. А. исмли болани уриб юборган. Натижада бола тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилган. Кейинчалик унда чаноқ суяги 3 жойидан синиши ташхиси қўйилиб, бир ой давомида тўшакда ётишга мажбур бўлган.
Жиноят ишлари судида аёл болани уриб юборган пайтда унинг қичқириғини эшитмагани ва машина боланинг устидан ўтганини тушунмаганини айтди.
«Агар билганимда, дарҳол тўхтаган бўлардим. Ҳатто итни уриб юборсангиз ҳам тўхтайсиз. Аввалига, ҳеч нарса эшитмаганим учун уриб юборганимни инкор қилдим. Кейин камерада кўрдим. Телефонда менга урганимдан кейин кетиб қолганимни, боланинг оёғи ва қўли жароҳатланганини айтишди. Гўёки мен кўриб туриб кетиб қолган эмишман. Мен эса камерани кўришларини, ҳеч кимни урмаганимни айтдим. Фақат кейинги куни ўша камерани кўришганида, бу мен эканим аниқланди», – деди судланувчи.

Аёлнинг сўзларига кўра, у 5 йил олдин ҳайдовчилик курсларини тугатиб, ҳайдовчилик гувоҳномасини олган.
Суд жараёнида жабрланувчининг отаси даволанишига қарамай, боланинг руҳий ҳолати ўзгарганини таъкидлади.
«Унга бирор нарса десангиз – чўчиб кетади. Кўчага олиб чиқсангиз – машина кетаётган бўлса, уйга киришни сўрайди. Олдинлари доим кўчада эди, уйга киришни истамасди, энди умуман ташқарига чиқишни хоҳламайди. Шундан бери 3 ой ўтди. [Аёл] бу вақт ичида бирор марта ҳам қўнғироқ қилмади», – деди.
Боланинг отаси суддан ҳайдовчига нисбатан қонуний чора кўришни сўради, бола воқеадан сўнг оёққа турган бўлса ҳам, ҳали тўлиқ тузалмаганлиги ва келажакда ҳам тиббий кузатувга муҳтож бўлишини қайд этди. У шунингдек, моддий ва маънавий зарарни қоплашни сўради.
Суд ҳайдовчини Жиноят кодексининг 117-моддаси 1-қисми (Хавф остида қолдириш) ва 266-моддаси 1-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан айбдор деб топди.
Аёл 2 йил муддатга уйидан чиқмаслик шарти билан озодликни чеклаш жазосига, ҳамда барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан 2 йилга маҳрум қилишга ҳукм қилинди.
Бундан ташқари, у боланинг отасига 2,35 млн сўм моддий ва 25 млн сўм маънавий зарар ундиришга мажбур бўлди.