
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 16 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказлари раҳбариятини аҳоли учун жамоат жойларини яратиш зарурлигини эътиборсиз қолдиргани учун кескин танқид қилди.
Унинг сўзларига кўра, бирорта ҳам ҳоким бўш жойларни топиш ва яшил зоналар, очиқ ҳавода сайр қилиш жойлари, спорт майдончалари ва фавворалар яратиш ҳақида ўйламайди.
Аҳоли мавжуд спорт ва болалар майдончалари, уйлар орасидаги яшил зоналар тадбиркорларга қурилиш учун берилаётганидан норозилик билдирмоқда.
Масалан, барча кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларни бошқарув компанияларига бириктириш топширилган эди. Бироқ, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2025 йил 5 майдаги қарорига кўра, фақат 9802 та кўп квартирали уйнинг бинолари остидаги ер участкалари кадастрга киритилган.
«Мақсад битта — қолган ерларни тадбиркорларга қурилиш учун сотиш! Топшириқлар бажарилиши қаерда назорат қилиняпти? Қонун кучи қаерда?» — деди давлат раҳбари.
Шу муносабат билан, Бош прокурор ўринбосари Салом Самадов ва Адлия вазири Акбар Тошқуловга «Ўзбеккосмос» агентлиги ва Кадастр агентлиги билан биргаликда яшил зоналар, спорт ва болалар майдончалари бошқа мақсадлар учун берилган участкаларда инвентаризация ўтказиш ва уларни «ўз жойига қайтариш» топширилди.
Шунингдек, ҳокимларнинг кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларни бошқарув компанияларига бериш тўғрисидаги қарорларини ўрганиш ва қонунни бузадиганларини бекор қилиш вазифаси қўйилди.
2023 йил февраль ойида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати янги Тошкент ҳокими Шавкат Умурзаков биринчи навбатда қандай муаммоларни ҳал қилиши кераклиги бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида сўров ўтказган эди. Жавоблар орасида — нуқтали қурилишга мораторий киритиш, уй-жой коммунал хўжалиги инфратузилмасини модернизация қилиш ва жамоат транспорти ишини яхшилаш бор эди. Экспертлар, шунингдек, ҳоким сайлаш амалиётини жорий этишни таклиф қилдилар.
2021 йил август ойида Шавкат Мирзиёев нуқтали қурилиш туфайли дарахтлар кесилиши ва яшил майдонларнинг қисқариши одамларни ташвишга солаётганини маълум қилган эди.
«Баъзи раҳбарларнинг бепарволиги ёки манфаатпарастлиги туфайли аҳоли пунктларида одамлар болалари билан сайр қилиши, спорт билан шуғулланиши ва очиқ ҳавода дам олиши учун очиқ жой қолмаяпти», — деган эди.