Ўзбекистон ҳукумати бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия ва нафақаларни ҳар йили инфляция даражасидан юқорироқ миқдорда оширишни мақсад қилган. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан эълон қилинган 2026–2028 йилларга мўлжалланган Фискал стратегияда айтилган.
Ҳужжатда қайд айтилишича, бу чора аҳолининг реал даромадларининг барқарор ўсишини таъминлаш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган. Ошириш «Ўзбекистон – 2030» стратегияси вазифаларига мувофиқ инфляциядан юқори суръатларда амалга оширилиши керак.

Жадвалга кўра, 2022 йилдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия ва нафақалар ҳар йили инфляция даражасида ва ундан юқори суръатларда ошириб борилган. 1 июлдан ижтимоий тўловлар (1 августдан эса иш ҳақи) ўртача 10 фоизга ошган, ҳолбуки 2025 йил якунларига кўра инфляция 8% даражасида прогноз қилинмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, бу йил иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдори белгиланган параметрларга нисбатан муддатидан олдин ва кенгроқ миқёсда оширилган.
Вазирлик ҳисоб-китобларига кўра, 2026 йилда иш ҳақи миқдорини қўшимча 1%га ошириш (бюджетда режалаштирилган параметрлардан юқори) учун йилига қарийб 1,675 трлн сўм талаб этилади (2025 йилда 1,5 трлн сўм, 2024 йилда 1,3 трлн сўм кутилмоқда), пенсияларни 1%га ошириш учун 861 млрд сўм (730 млрд ва 600 млрд сўм бўлган эди), нафақа олувчилар сонини 10%га ошириш учун эса йилига 1,596 трлн сўм (740 млрд сўм бўлган эди) керак бўлади.
Кутилишича, бюджет тузилмасидаги иш ҳақи харажатларининг улуши (ижтимоий солиқлар билан бирга) келаси йили жорий йилда прогноз қилинган ЯИМнинг 9,5%дан 8,8%гача камаяди ва умумий давлат харажатларининг қарийб 41,9%ни ташкил этади (жорий йилда 44,8% прогноз қилинган эди).
Давлат бюджетининг иш ҳақи учун умумий харажатлари 17,1 трлн сўмга (2025 йилда 27,6 трлн сўмга) — 154,3 трлн сўмдан 171,4 трлн сўмгача (+11%) ошиши режалаштирилган.
Стратегияда, шунингдек, тўловларни, жумладан, болалар нафақалари ва кам таъминланган оилаларга ёрдамни илгаридан ошириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари бўлган мамлакатлар валюталарининг мустаҳкамланиши иқтисодий ўсишнинг қўшимча манбаларини молиялаштириш учун имкониятлар яратиши қайд этилган.
Хусусан, 2025 йилда пул ўтказмалари ҳажми дастлабки прогнозлардан 15%га юқори бўлиши, инвестициялар даражаси эса камида 9-10% етиши кутилмоқда.
Стратегияга яна нималар киради?
Ҳужжат 2030 йилгача бўлган устувор йўналишларни белгилайди, булар келажакдаги бюджет лойиҳаларини тайёрлашда инобатга олиниши керак. Улар орасида:
- Макроиқтисодий барқарорлик: ЯИМнинг йилига камида 6 фоиз ўсишини таъминлаш, мамлакатнинг кредит рейтингини ошириш, ЯИМни 200 млрд долларга ва аҳоли жон бошига даромадни 5000 доллардан юқорига етказиш.
- Бюджет интизоми: дефицит ЯИМнинг 3%дан ошмаслиги керак, «натижага йўналтирилган бюджетлаштириш»ни жорий этиш, гендер ва «яшил» бюджетлаштиришни интеграциялаш, шаффофликни ошириш, бюджет харажатларининг инклюзивлигини ошириш.
- Солиқ сиёсати: нақд пулсиз тўловлар улушини ва иқтисодиётда товарлар ҳаракатининг шаффофлигини ошириш, тадбиркорлар учун тенг шароитлар яратиш мақсадида самарасиз солиқ ва божхона имтиёзларидан воз кечиш, яшил солиқларни жорий этиш ва ЖСТ нормаларига мувофиқлаштириш.
- Давлат қарзи: валюта хавфларини бошқариш ва қарзнинг ЯИМга нисбатини 50 фоиздан паст даражада ушлаб туриш.
- Ижтимоий йўналтирилганлик: аҳоли талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий ҳимояни устувор молиялаштириш.
Вазирлик ҳисоб-китобларига кўра, тўловларни юқорироқ индексация қилиш ҳисобига бюджет дефицитининг ЯИМга нисбати 2025 йилда 0,02% пунктга ва 2026 йилда 0,3 фоиз пунктга ошиши кутилмоқда. Иш ҳақи ва тўловларни ошириш учун аниқ қанча маблағ ажратилгани кўрсатилмаган.
2024 йил учун иш ҳақи
2024 йил давлат бюджетида иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни ошириш учун 9,55 трлн сўм маблағ назарда тутилган эди. Бюджет мурожаатномасида иш ҳақини 1%га ошириш йилига 1,3 трлн сўм қўшимча харажатларга, пенсияларни эса йилига 600 млрд сўм қўшимча харажатларга олиб келиши айтилган эди.
Бюджетдан ажратилган сумма 2025 йил 1 майдан бошлаб иш ҳақи ва пенсияларни 7,5 фоизга ошириш учун етарли бўлган. Бу ерда қуйидаги формула қўлланилган: (9,6 / 1,3 + 0,6) * 12/8.
Бироқ, пенсия ва нафақалар 2025 йил 1 сентябрдан 15%га оширилди — йилнинг қолган 4 ойи учун 3 трлн сўм қўшимча харажат, иш ҳақини эса 1 октябрдан ўртача 12,5 фоизга (ўқитувчи ва шифокорлар учун 15%, қолганлар учун 10%) ошириш қолган 3 ой учун 4,1 трлн сўм қўшимча харажатни талаб қилди. Формулалар: пенсиялар учун 15 = 12/4 * (X/0,6) ва иш ҳақи учун 12,5 = 12/3 * (X/1,3).
Иш ҳақи, пенсия ва нафақаларни ошириш учун давлат бюджетининг умумий харажатлари 7,1 трлн сўмни ташкил этди, бу дастлаб режалаштирилгандан (9,6 трлн сўм) қарийб 2,5 трлн сўмга кам.