
Манчестер Юнайтед раҳбарияти жамоа бош мураббийи Рубен Аморимни вазифасидан озод этишга қарор қилди. Португалиялик мутахассис инглиз клубидаги 14 ойлик фаолиятидан сўнг жамоани тарк этмоқда.
2026 йил 4 январь куни Лидс жамоасига қарши кечган ва 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланган баҳс Аморим учун Олд Траффорддаги сўнгги ўйин бўлди. Мураббийнинг истеъфосига клуб раҳбарияти, хусусан, футбол директори Жейсон Уилкокс билан ўртадаги кескинлик кучайгани сабаб бўлгани айтилмоқда.
Маълумотларга кўра, 5 январь куни эрталаб клуб директори Жейсон Уилкокс ва бош ижрочи директор Омар Беррада иштирокида ўтказилган учрашувда Аморимга унинг хизматларидан воз кечилгани маълум қилинган.
Манчестер Юнайтед расмий баёнотида клуб раҳбарияти ўзгаришлар қилиш вақти келганлигини таъкидлаган. Мазкур қарор жамоанинг Премьер-лига жорий мавсумини имкон қадар юқорироқ ўринларда якунлаши учун энг яхши имконият сифатида баҳоланмоқда.
Янги мураббий тайинлангунга қадар Даррен Флетчер жамоани вақтинча бошқариб туради. Манкунианликлар навбатдаги учрашувни 7 январь куни Бернли жамоасига қарши ўтказишади.