
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2026 йил 20 январдаги мажлисида «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришларни бир йўла учта ўқишда қабул қилди, деб хабар берди парламент қуйи палатаси матбуот хизмати.
Ҳужжатда Ўзбекистон ҳудудида мажбурий сақланиши лозим бўлган шахсга доир маълумотлар рўйхати белгиланмоқда. Шу билан бирга, маълумотларнинг айрим турларини чет элда қайта ишлаш ва сақлашга йўл қўйиладиган шартлар кўзда тутилмоқда — бунда хавфсизлик талаблари, халқаро стандартлар ва ваколатли давлат органларининг кўрсатмаларига мажбурий риоя этилиши лозим.
Депутатларнинг кутишича, таклиф этилаётган ўзгаришлар мамлакатга халқаро тўлов тизимларини жалб қилишга, инвестиция муҳитини яхшилашга, рақамли хизматлар бозорини кенгайтиришга, шунингдек, фуқаролар ва туристлар учун замонавий ҳамда қулай тўлов имкониятларини яратишга хизмат қилади.
Қонун депутатлар томонидан маъқулланди ва Сенатга юборилди.
Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 6 ноябрь куни Вашингтонда Америка компаниялари билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон шахсга доир маълумотларни сақлаш тўғрисидаги қонунчиликни янгилашни якунлаётганини таъкидлаган эди. Унинг сўзларига кўра, бу Apple Pay ва Google Pay тўлов тизимларини ишга тушириш, шунингдек, рақамли академиялар ва стартап-хабларни ривожлантириш учун шароит яратади.
Тарих
2021 йилда Ўзбекистонда шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритилган эди. Ҳужжатнинг 27-1-моддаси компанияларга Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотлари қайта ишланадиган серверларни мамлакат ичида жойлаштириш мажбуриятини юклаганди.
Молиячи Шуҳрат Қурбонов ушбу норманинг талқини билан боғлиқ муаммони қайд этган эди: «Халқаро иштирокчиларнинг — ва мен ҳозир биринчи навбатда Google Pay ва Apple Pay ҳақида гапиряпман — бозоримизга киришга уринишидаги муаммо шунчаки қонун бизда одатда қонунлар ёзиладиган тилда ёзилгани сабабли юзага келди. Яъни, катта хоҳиш бўлса, уни талқин қилувчи учун қулай бўлган исталган томонга буриш мумкин».
Президент администрациясининг Молиявий технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект департаменти бошлиғи ўринбосари Ҳикматилла Убайдуллаев ҳам ушбу норма талқинидаги ноаниқлик туфайли бизнесда хавотир уйғотаётганини кўрсатиб ўтган эди.
2025 йилнинг июль ойида 27-1-модда томонидан юзага келтириладиган ҳуқуқий хатарлар муҳокама қилинган эди. Учрашув иштирокчилари ортиқча тартибга солишдан қочиш учун маълумотларни локализация қилиш ёндашувини қайта кўриб чиқишни таклиф қилишган.
Жаҳон банки ҳам аввалроқ хизматлар соҳасини ривожлантириш учун шахсга доир маълумотларни локализация қилиш талабларини юмшатишни таклиф этган эди.