UzAuto Motors компанияси Chevrolet Malibu, Traverse ва Tahoe автомобилларини вақтинча сотишни тўхтатди. Бу ҳақида «Газета.uz»га автосаноат компанияси матбуот хизмати маълум қилди ва ушбу моделлар бўйича мавжуд барча ҳажмлар шартнома асосида тугалланганини тасдиқлади.
Айни вақтда Uzavtosavdo расмий сайтида фақат Damas, Tracker, Captiva ва Onix моделлари шартнома учун мавжуд.
«Автострада» нашри маълумотларига кўра, премиум тоифали автомобиллар бўйича шартнома бериш март ойи ўрталаридаёқ тўхтатилган. Сабаблардан бири сифатида президент топшириғига мувофиқ амалдорларни маҳаллий ишлаб чиқарилган хизмат автомобилларига ўтказиш жараёни келтирилмоқда.
«Автомобиль моделлари тўлиқ ҳажмда шартномалаштирилган. Яқин вақтда қўшимча ҳажмлар сотувга чиқарилиши режалаштирилган», — дейилади UzAuto Motors хабарида.
UzAuto шартнома қилинган автомобиллар сони ҳақидаги саволга жавобан, бу маълумот тижорат сири эканини ва фақат назорат кенгаши, акциядорлар, давлат органлари ва бошқа манфаатдор томонлар билан мувофиқлаштирилгандан сўнг эълон қилиниши мумкинлигини билдирди.

Бундан аввал ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти ҳокимининг вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоевнинг «Ўзавтосаноат» компанияси бошқарув раиси Улуғбек Розиқулов номига йўллаган хати тарқалди. Унда у 2025 йил 5 мартдаги президент топшириғига асосан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган хизмат автомобилларидан фойдаланишга ўтиш кераклиги қайд этилган.
«Юртимизда ишлаб чиқарилган Chevrolet Tahoe автомобилини ажратишда амалий ёрдам беришингизни сўрайман. Тўловлар кафолатланган», — дейилади хатда.
Таъкидлаш жоизки, Chevrolet Equinox, Traverse, Tahoe ва Malibu автомобиллари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайди, уларни UzAuto Motors компанияси импорт қилади. Компания Chevrolet Tahoe ва Traverse моделларини АҚШдан, Trailblazer’ни Таиланддан, Equinox ва Tracker’ни Хитойдан импорт қилган. Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган автомобиллар орасида Tracker, Onix, Lacetti (Gentra), Cobalt, Damas бор.
Президентнинг хорижий хизмат автомобилларидан воз кечиш ҳақидаги топшириғидан сўнг кўплаб вазирлар Mercedes-Benz’ни Malibu’га, ҳокимлар эса Tahoe ёки Traverse’га алмаштирди.