
Ўзбекистонда янги ўқув йилидан бошлаб мактабларда ягона имтиҳон тизими жорий этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 15 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ўқитувчи ва мураббийлар билан учрашувида маълум қилди, дея хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.
Давлат раҳбари мамлакат тараққиётида мактаб таълимининг ҳал қилувчи ролини таъкидлади.
«Халқимизнинг келажаги мактабдан бошланади. Чунки фарзандларимизни тарбиялаш ва ўқитишда энг узоқ ва ҳал қилувчи босқич – бу мактаб таълимидир», — деди.
Бугунги кунда Ўзбекистон мактабларида 6,5 миллион ўқувчи таҳсил олмоқда. Бу йил улар сафига 720 минг нафар биринчи синф ўқувчилари қўшилди, 400 мингга яқин мактаб ўқувчиси эса ўқишни тамомлади.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги 8 йил ичида мамлакатда қарийб 500 та янги мактаб қурилди ва мавжудлари кенгайтирилди, бу эса қўшимча 1 миллион ўқувчи ўрни яратиш имконини берди. Хусусий мактабларда 200 мингдан ортиқ бола таҳсил олмоқда.
Президент 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб 9- ва 11-синф ўқувчилари учун ягона давлат имтиҳонлари жорий этилишини маълум қилди. Ушбу имтиҳонлар асосида ўқувчилар ўз қобилиятларини ҳисобга олган ҳолда ёки касб-ҳунар, ёки олий таълимга йўналтирилади.
Бу тартиб 9-синф битирувчиларининг 400 мингга яқинини техникумларда ўқиш билан қамраб олиш имконини бериши кутилмоқда.
Олий ўқув юртларида ўқишни давом эттириш истагида бўлганлар учун мактабларда профил фанлар чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади. Бошқача айтганда, битирув имтиҳони натижаларига кўра ўқувчилар ё техникумга, ёки университетга ўқишга киришлари мумкин бўлади, деди Шавкат Мирзиёев.
Ўтган ҳафта имзоланган Президент қарорига кўра, мактабларда мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий этилмоқда.
Улар 7-синфдан бошлаб ўқувчиларнинг ўзлаштиришини ва касбий қизиқишларини кузатиб боради, 9-синфни тугатгандан сўнг уларни техникумларга йўналтиради. Шу билан бирга, техникумга ўқишга кирган 9-синф битирувчиларида мактабга қайтиш имконияти сақланиб қолади. Энди 10-синфда ўқишни давом эттириш фикридан қайтганлар ҳам техникумга ўтишлари мумкин.
Бундан ташқари, жорий йилда олий ўқув юртларига ўқишга кира олмаган 11-синф битирувчиларининг 200 минг нафари 3-6 ойлик қисқа муддатли дастурлар бўйича касбларга ўқитилади.
«Янги ташаббусларимиздан мақсад нима? Ҳар бир фарзандимизни касб-ҳунарли ва даромадли қилсак, ҳар бир оилада тўкинлик, маҳаллаларда эса тинчлик бўлади», — деди президент.
2025 йил 9 сентябрдаги йиғилишда Президент мактаб битирувчиларининг касб-ҳунар таълими билан қамраб олиниши пастлигига эътибор қаратган эди.
«Бизда 450 минг ўқувчини қабул қилиши мумкин бўлган 598 та техникум бор. Бу ёшлар учун катта ресурс, имконият ва шароит. Лекин бу йил 608 минг ўқувчи 9-синфни тамомлаган бўлса, уларнинг фақат 182 минг нафари техникумларга ўқишга кирди. Бугундан бошлаб ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш йили бошланади», — деган эди ўшанда давлат раҳбари.
Масъул идораларга вилоят ва туман ҳокимликлари билан биргаликда 598 та техникумга Президент ва ихтисослаштирилган мактабларда тўпланган тажриба асосида халқаро стандартларга мос замонавий таълим муҳитини жорий этиш топширилди.
Бундан ташқари, ҳокимларга кейинги ўқув йилида 9-синф битирувчиларининг камида 50%ни техникумларда ўқиш билан қамраб олиш, яъни яна 200 минг ўқувчини жалб қилиш вазифаси юклатилди.
Бу ишни ягона сиёсат доирасида мувофиқлаштириш учун Касб-ҳунар таълими агентлиги ташкил этилган.
Аввалроқ Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ўзбекистонда 12 йиллик мактаб таълими тизимига ўтишга тайёргарлик бошланганини маълум қилган эди. 6 ёшли болалар учун бир йиллик тайёргарлик мактаб тизимига киритилиши режалаштирилган. Бу миллий таълимни халқаро стандартларга яқинлаштириши, хусусан, хорижий олий ўқув юртларига киришни осонлаштириши керак.