Тошкентдаги мактабларнинг бирида сил касаллиги аниқланди

Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги 59-мактабнинг икки нафар ўқувчисида сил касаллиги тасдиқланди, деб хабар берди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

26 декабрь куни 11-синф ўқувчиси охирги ойларда тез-тез хасталаниб тургани сабабли 3-рақамли фтизиатрия диспансерига мурожаат қилди. Унинг опасининг сўзларига кўра, хусусий клиникадаги ЛОР шифокор уни қўшимча текширув учун диспансерга юборган.

Рентгенография натижасида сил касаллиги тасдиқланиб, қиз тезда Тошкент шаҳар болалар сил касаллиги шифохонасига ётқизилди.

Эртаси куни диспансерда қизнинг оиласидаги олти нафар аъзолар, шу жумладан 6 ёшгача бўлган икки бола ҳам текширувдан ўтказилди. Улардан бирортасида актив шаклдаги сил аниқланмади.

Қўшимча тарзда Тошкент шаҳри Санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги бошқармаси назорати остида 59-мактабнинг ўқувчилари ва ўқитувчилари, шунингдек, қиз қўшимча дарсларга қатнаган хусусий мактабнинг ўқувчилари ва ходимлари рентгенография ва диаскинтестдан ўтказилди.

Текширувлар натижасида 2008 йилда туғилган бир нафар ўқувчи — касалликка чалинган қизнинг яқин дугонасида ҳам сил аниқланди. У ҳам шифохонага ётқизилди.

Шунингдек, уч нафар ўқувчи ва бир нафар ўқитувчининг касалликка мойиллиги аниқланиб, уларда профилактик даволаш бошланди.

59-мактаб директорига нисбатан «аниқланган камчиликлар» бўйича маъмурий баённома тузилди.

Хабарга кўра, давлат дастури доирасида 59-мактабда капитал реконструкция ишлари олиб борилаётгани сабабли, бошланғич синф ўқувчилари 115-мактабда, юқори синф ўқувчилари эса 82-мактабда таълимни давом эттирмоқда.

21 январь куни 82-мактабда хоналарни зарарсизлантириш тадбирлари яна такрор ўтказилди, 22 январь куни эса умумий тозалаш ва шамоллатиш ишлари амалга оширилди. 23 январь куни худди шу тадбирлар 115-мактабда ҳам такрор ўтказилди.