
Ўзбекистонда мактабгача таълим ташкилотлари ва мактаблар учун ўқув дастурларини тўлиқ қайта кўриб чиқиш бошланди. Мақсад — уларни дунёнинг юқори самарадор таълим тизимлари дастурлари ва баҳолаш мезонларига мувофиқлаштириш ҳамда болаларга келажак учун зарур бўлган билим ва кўникмаларни беришдан иборат. Бу ҳақда ЮНИСЕФ ваколатхонаси матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу ислоҳот SmartEd йирик таълим лойиҳасининг бир қисми ҳисобланади. Лойиҳа Ислом тараққиёт банки (IsDB), Араб мувофиқлаштириш гуруҳи, Таълим соҳасидаги глобал шериклик (GPE) томонидан молиялаштирилмоқда ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (ММТВ), БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ва Кембридж университети нашриёти ва имтиҳон маркази билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Ислоҳот «янги авлод учун сифатли, ишончли, инклюзив ва замонавий таълим тизимини» яратишга қаратилган. Алоҳида эътибор «компетентликка асосланган таълим тамойиллари, гендер тенглиги, инклюзивлик, ижтимоий-эмоционал ривожланиш, иқлим ўзгариши ва экологик масъулият масалалари, технологик ва рақамли саводхонликни ривожлантиришга» қаратилади, деди ММТВ ҳузуридаги Республика таълим маркази директори в.в.б. Дилшода Норбоева.
ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Рехина Кастижио таъкидлашича, ислоҳот таълимга «XXI аср кўникмаларини — танқидий фикрлаш, креативлик, муаммоларни ҳал қилиш, рақамли саводхонлик ва ҳамкорликни» интеграция қилади, булар тез ўзгараётган дунёда муваффақиятга эришиш учун тобора зарур бўлиб бормоқда.
«Ўзбекистондаги таълим тизимининг келажаги — адолатли, ишончли ва халқаро миқёсда тан олинган имтиҳонлар билан баҳоланадиган жаҳон даражасидаги ўқув дастури, шунингдек, яхши тайёрланган ва юқори малакали ўқитувчилар томонидан олиб бориладиган таълим жараёнидир. Бу жуда реал ва эришиш мумкин бўлган мақсад», — деб қайд этди Кембридж университетининг Partnership for Education ташкилоти Европа, Марказий Осиё ва Америкада таълим ислоҳоти бўлими раҳбари Стив Кинг.
Ислоҳот Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг таълим стандартларини ишлаб чиқиш учун сифатни таъминлаш талаблари ва мезонларини белгиловчи 157-сонли қарорига мувофиқ, мактабгача таълимдан бошлаб барча босқичларни қамраб олади. Хабар қилинишича, ислоҳот таълим соҳасидаги манфаатдор томонлар, шунингдек, ўқитувчилар билан кенг ҳамкорлик ва маслаҳатлашувларга асосланади.
Ўқув дастурини қайта кўриб чиқишда илк бор ҳар бир фан гуруҳи йил давомида ўз соҳасидаги юқори малакали халқаро экспертлар кўмагини олади. Халқаро экспертлар илгари ҳам ўқув дастурларини ишлаб чиқишда қатнашган, бироқ бу жараён ҳеч қачон барча фанлар ва барча синфларни қамраб олмаган, деб таъкидлади ЮНИСЕФ. Бундан ташқари, жараён синчковлик билан ўтказилган таҳлил ва аниқ «йўл харитаси», шунингдек, «юқори самарадор таълим тизимлари билан таққослагандаги кутилмалар бўйича умумий тушунча» билан мустаҳкамланган.
Лойиҳа доирасида барча фанлар бўйича халқаро экспертлар, етакчи маҳаллий педагоглар, тадқиқотчилар, тренерлар ва амалиётчи ўқитувчиларни бирлаштирган онлайн ва юзма-юз семинарлар бошланди.
Шу ҳафта Кембридж университетининг ўқув дастурлари бўйича экспертлари фан йўналишлари раҳбарлари учун икки кунлик семинар ўтказмоқда. У турли фанлар бўйича ўқув дастурларининг изчиллигини таъминлашга бағишланган.
Фанлар бўйича раҳбарлар, шунингдек, ўқув дастурларига иқлим ва экологик таълим, ижтимоий-эмоционал таълим, фаровонлик ва ҳаётий кўникмалар каби асосий мавзулар қандай интеграция қилинганлигини кўриб чиқадилар. Иштирокчилар илғор тажрибалар билан ўртоқлашадилар ва Ўзбекистон учун юқори сифатли ўқув дастурларини ишлаб чиқишга кўмаклашган ҳолда контекстуал муаммоларни ҳал қиладилар.
Кейинги семинарларда фан мутахассислари ўқув дастурлари мазмунини таълим стандартлари билан қандай мувофиқлаштиришни ўрганадилар. Масалан, улар миллий ўқув дастури модели ва баҳолашни халқаро A-level стандартлари билан мувофиқлаштирадилар. Келажакдаги семинарлар барча синфлар учун ўқув дастурларининг аниқ ва юқори сифатли мазмунини янада ривожлантиришга бағишланади.
Лойиҳа ҳар йили 8,8 миллион нафар мактабгача таълим ташкилотлари ва мактаб ўқувчиларини, шу жумладан, ногиронлиги бўлган, этник ва ижтимоий-иқтисодий келиб чиқиши сабабли алоҳида эҳтиёжли болаларни қамраб олиб, «туб ўзгаришларга сабаб бўлувчи таъсир» кўрсатиши кутилмоқда.