
Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Uzum Nasiya бўлиб тўлаш платформасини бошқарувчи Makesense компаниясининг Arhat Gravure компаниясидаги улушни сотиб олишини маъқуллади, дея хабар берди назорат органи матбуот хизмати.
Makesense шўъба корхоналари орқали Uzum Nasiya электрон платформасидаги маҳсулотларни бўлиб тўлаш лойиҳасига инвестиция киритиш билан шуғулланади. Arhat Gravure телекоммуникация ускуналарини сотишга ихтисослашган.
«Қўмита томонидан ўтказилган комплекс таҳлил ушбу битим товар бозорида рақобатни чеклашга ёки монополия шаклланишига олиб келмаслигини кўрсатди», — дейилади хабарда.
Makesense 2023 йил бошида ташкил этилган бўлиб, ўша йилнинг октябрь ойидан бошлаб Uzum Holding таркибига киради. Компаниянинг таъсисчиси Буюк Британияда рўйхатдан ўтган Nasiya SPV 2 ҳисобланади. Makesense’нинг устав фонди 792,56 миллиард сўмни ташкил этади.
Arhat Gravure компанияси 2020 йил сентябрь ойида рўйхатга олинган. Устав капитали 3 миллиард сўмни ташкил этади, ягона таъсисчиси Роман Зинченко ҳисобланади.
Arhat Gravure, шунингдек, 2022 йил август ойида ташкил этилган, устав фонди 50 миллиард сўм бўлган Tezcoin микромолия ташкилотининг ягона таъсисчиси ҳисобланади.
Марказий банкнинг 2024 йилдаги маълумотларига кўра, Tezcoin бошқа микромолия ташкилоти Shaffof-Moliya билан биргаликда Uzum экотизими (Uzum Market, Uzum Tezkor ва Uzum Nasiya) орқали тегишлича 5 ва 2 миллиард сўм миқдорида микроқарзлар берган, бу бир йилдаги умумий микрокредитлаш ҳажми 16 миллиард сўмни ташкил этади.