Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 17/08/2025

Мажбурий ОИВ тести инсон ҳуқуқларини бузади ва инфекция тарқалиши хавфини камайтирмайди — экспертлар

“Газета.uz”га маълум бўлишича, халқаро ташкилотлар экспертлари Ўзбекистонни 90 кундан ортиқ вақт давомида мамлакатдан ташқарида бўлиб қайтган фуқароларни мажбурий ОИВ тестидан ўтказиш самарасизлиги ҳақида огоҳлантирган. Уларнинг фикрича, бу нафақат халқаро, балки миллий ҳуқуқий нормаларга ҳам зид.

Таҳририят экспертлар томонидан Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан кўриб чиқилаётган пайтда юборилган таҳлилий маълумотнома билан танишди. Эслатиб ўтамиз, айни пайтда ҳужжат Сенатдан ўтган ва 2025 йил 1 август куни маъқулланган.

Маълумотномада мажбурий тест қуйидагиларга олиб келиши кўрсатилган:

  • махфийлик, шахсий дахлсизлик ва тиббий сир ҳуқуқини бузади;
  • ОИВ билан яшовчи инсонлар ва меҳнат муҳожирларига нисбатан стигма ва камситишни кучайтиради;
  • инфекция тарқалишини камайтиришга ёрдам бермайди, чунки бу ихтиёрийлик ва тизимли қўллаб-қувватлашдан маҳрум;
  • соғлиқни сақлаш тизимига бўлган ишончни сусайтиради, бу эса тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилишга тўсқинлик қилиши мумкин;
  • қонун таъсирига тушмайдиганларда ёлғон ҳимоя ҳиссини пайдо қилади, бу эса ресурсларни исботланган профилактика усулларидан чалғитади.

“Санкциялар ёки депортациядан қўрқиб, одамлар ўз ОИВ-мақомини яшириши ёки тестдан қочиши мумкин, шу билан инфекция юқиш хавфини оширади. Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, жазо чоралари аҳолининг алоҳида гуруҳларини маргиналлаштиради ва профилактика ҳамда даволаш хизматлари қамровини камайтиради”, — дея қайд этади ҳужжат муаллифлари.

“Стигма ва эҳтимолий депортациядан қўрқиш кўпинча меҳнат муҳожирларини қабул қилувчи мамлакатда ОИВ юқтириб олган ҳолда профилактика, тест ва даволашни ўз ичига олган ёрдам сўрашдан қочишга мажбур қилади, бу эса ўз навбатида инфекциянинг янада тарқалишига ёрдам бериши мумкин”, — дейилади маълумотномада.

Экспертлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги халқаро мажбуриятларини санаб ўтган, мажбурий тестни жорий этиш уларга зиддир.

Улар орасида:

Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт:

  • 7-модда — Қадр-қимматни камситувчи муносабатдан ҳимоя;
  • 17-модда — Шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқи;
  • 2-модда — ОИВ-мақоми, муҳожир мақоми асосида камситишдан эркинлик ва тенглик ҳуқуқи.

Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт:

  • 12-модда — Эришиш мумкин бўлган энг юқори соғлиқ даражасига эришиш ҳуқуқи.

Хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги конвенция:

  • 12-модда — Репродуктив ёрдамни ҳам ўз ичига олган тиббий хизматлардан фойдаланиш.

Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция:

  • 24-модда — Эришиш мумкин бўлган энг юқори соғлиқ даражасига эришиш ҳуқуқи.

Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция:

  • 25-модда — Камситишсиз тиббий хизматлардан тенг фойдаланиш.

UNAIDS/ЖССТ қўлланмаси (2004, 2012 йилда янгиланган):

  • Мажбурий тест ўтказиш қатъиян тавсия этилмайди;
  • ОИВ тестини тестдан ўтувчининг олдиндан хабардор қилинган розилиги билан, махфийликка риоя қилган ҳолда; ОИВ юқиши, профилактика ва парвариш ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳолда, тестдан олдин ва кейин маслаҳатлар бериш билан; тест натижаларининг аниқлиги ва ишончлилигини таъминлаш ҳамда тестдан ўтувчи шахслар, агар зарур бўлса, тегишли профилактика, даволаш ва парвариш хизматлари, жумладан, антиретровирус терапияси билан боғланишини таъминлаш тавсия этилади.

ОИВ/ОИТС ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро йўриқномалар (2006).

Халқаро меҳнат ташкилотининг 200-сонли тавсияси:

  • Ишга жойлашиш ва миграцияда ОИВ асосида камситишни тақиқлайди;
  • ОИВ асосида ишга жойлашиш ва миграция соҳасидаги камситишни тақиқлайди;
  • Инсон ҳуқуқларига асосланган ва инсонпарварлик ёндашувига чақиради.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаш резолюциялари (2021, 2024):

  • ОИВ-мақоми асосида кириш, бўлиш ва яшаш чекловларини бартараф этиш зарурлигини тасдиқлайди.

Таҳлилий маълумотномада ушбу масала бўйича кенг кўламли халқаро тажриба ҳам келтирилган. Масалан:

  • АҚШ: ОИВ билан касалланганлар учун кириш тақиқларини бекор қилди, бу чораларни самарасиз ва камситувчи деб тан олди.
  • Жанубий Корея: БМТнинг ирқий камситиш бўйича қўмитаси қароридан сўнг, хорижий ўқитувчилар учун мажбурий ОИВ тестларини бекор қилди.
  • Португалия: Барча муҳожирлар учун, уларнинг мақомидан қатъи назар, аноним, бепул ва ихтиёрий ОИВ тестларини таклиф қилмоқда.
  • Таиланд: Ноҳукумат ташкилотлари ва Халқаро миграция ташкилоти билан ҳамкорликда муҳожирлар учун қулай тиббиёт марказларини яратди, бепул ихтиёрий тест ва даволаш хизматларини тақдим этади.
  • Канада ва Австралия: Мажбурий тестларни бекор қилиш тиббий хизматлардан фойдаланишни яхшилади ва стигматизацияни камайтирди.
  • Буюк Британия ва Германия: Ихтиёрий тестни жорий этиш унинг қамровини кенгайтирди ва жамоат саломатлиги кўрсаткичларини яхшилади. Тест иммиграция вақтидаги тиббий кўриклар доирасида ўтказилади, аммо киришга таъсир қилмайди ва тиббий ёрдамдан фойдаланишни таъминлайди. “Бундай ёндашув истисно қилишга эмас, балки саломатликни ҳимоя қилиш тамойилларига асосланган”, — дея қайд этди экспертлар.

UNAIDSнинг ОИВ ва саёҳат билан боғлиқ чекловлар бўйича халқаро ишчи гуруҳи 2008 йилда мажбурий тест ёки чекловчи чораларнинг жамоат саломатлигини ҳимоя қилишдаги самарадорлиги ҳақида ишончли далиллар мавжуд эмаслиги ҳақида хулосага келди.

“Бундай чекловлар, аксинча, жамоат соғлиқни сақлаш соҳасидаги саъй-ҳаракатларга тўсқинлик қилиши мумкин”, — дея иқтибос келтиради муаллифлар БМТ агентлиги сўзларидан. — ОИВ-мақоми асосида саёҳатга қўйилган чекловлар камситувчи хусусиятга эга ва инсон ҳуқуқлари тамойилларига путур етказади”.

Муаллифларнинг фикрича, мажбурий тест тўғрисидаги қоидалар замонавий илмий, тиббий, ахлоқий ва ҳуқуқий стандартларга мувофиқлаштирилиши керак.

“Ўзбекистоннинг конституциявий кафолатлари (19-модда) ва “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонуни (15-модда) камситишга йўл қўймаслик, ихтиёрий тестдан ўтказишни таъминлаш, махфийликка риоя қилиш ва даволанишдан фойдаланиш устувор аҳамиятга эга эканлигини таъкидлайди”, — дея қайд этди экспертлар.

Муаллифларнинг фикрича, асосий эътибор хабардор қилинган розиликни олган ҳолда ихтиёрий тестдан ўтказишга, махфийликни сақлашга ва даволаш ва қўллаб-қувватлашга самарали йўналтиришни таъминлашга қаратилиши керак.

Экспертлар, шунингдек, ОИВ тестларидан фойдаланишни кенгайтиришнинг энг яхши амалиётларини санаб ўтишди:

  • Ихтиёрий, махфий ва аноним тест: мавжуд тилларда ва ишончли муҳитда тақдим этилади;
  • Тенг-тенгга тамойили асосида, муҳожирлар жамоалари вакиллари орқали хабардор қилиш ва ўқитиш;
  • Мобил тест пунктлари ва иш жойларида тест ўтказиш;
  • Муҳожирлар учун қулай тиббий хизматлар: стигмани бартараф этишга қаратилган ходимларни ўқитиш билан;
  • Ҳуқуқий кафолатлар: тестдан ўтиш депортация ёки ишга қабул қилишни рад этишга олиб келмаслиги керак;
  • Миграция мақомидан қатъи назар, ОИВни даволашдан чекланмаган фойдаланиш;
  • Манфаатдор томонларнинг кенг иштироки: иш берувчилар, касаба уюшмалари, фуқаролик жамияти ва муҳожирлар жамоаларини ўз ичига олган ҳолда.

“Инсон ҳуқуқларига асосланган ва илмий маълумотларга асосланган ушбу ёндашувларни амалга ошириш Ўзбекистонга жамоат саломатлигини самарали ҳимоя қилиш, ўз халқаро мажбуриятларига риоя қилиш ва барча одамларнинг қадр-қиммати ва ҳуқуқларини, уларнинг ОИВ-мақоми ёки миграция мақомидан қатъи назар, ҳурмат қилиш имконини беради”, — дея хулоса қилди ҳужжат муаллифлари.