
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2025 йил 23 июль куни қабул қилган қарори билан транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий автосуғурта қилиш (МАС ёки ОСАГО) бўйича тўлов суммасини оширишга қарор қилди, деб хабар беради Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА).
Бугунги кунда суғурта бўйича максимал тўлов суммаси 40 млн сўм этиб белгиланган. Бу суммадан: жабрланувчининг мол-мулкига етказилган зарарни қоплаш учун 35% гача (14 млн сўм), жабрланувчининг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарни қоплаш учун 65% гача (26 млн сўм) тўланади.
Янги ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб мажбурий автосуғурта бўйича суғурта суммаси 2 баравар оширилиб, 80 млн сўмгача етказилади.
«Бу йўл-транспорт ҳодисалари натижасида жабрланган шахсларнинг мол-мулки, ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплашга йўналтириладиган маблағларнинг замонавий талабларга мос келишига ёрдам беради», — дейилади хабарда.
Шунингдек, қарор билан актуар ҳисоб-китоблар асосида суғурта тарифлари қайта кўриб чиқилди, мукофотлар ва суғурта суммаси бозор принциплари асосида белгиланади.
Бундан ташқари, ҳайдовчилар сонини чеклаган ва чекламаган ҳолда полисларни расмийлаштириш механизми жорий этилмоқда, шунингдек, суғурта даъволарини кўриб чиқиш тартиби аниқлаштирилмоқда.
Суғурта тўловларини кафолатлаш фонди энди юридик маслаҳатлар ва аджастерлик хизматларини, жумладан, ЙТҲни расмийлаштиришда ёрдам беришни ҳам тақдим этади.
Аджастерлик – бу суғурта ҳодисаси юз берганда, яъни зарар етказилганда, шу зарар миқдорини баҳолаш ва унинг сабабларини аниқлаш бўйича кўрсатиладиган хизмат.
Шунингдек, мажбурий автосуғурта бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилиш учун масъул органлар белгиланди ва Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимини юритиш тартиби тасдиқланди.
Ҳукумат давлат органлари ўртасида МАС бўйича электрон маълумот алмашинувини йўлга қўйишни топширди.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб суғурта мукофотлари бўйича тушумларни марказлаштирилган ҳолда ҳисобга олиш учун Ягона суғурта биллинг тизими жорий этилади.
Вазирлар Маҳкамасига мажбурий автосуғурта полисининг йўқлиги учун маъмурий жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси киритилиши режалаштирилган.
ИЛМА 2024 йил май ойида мажбурий автосуғурта тарифларини ошириш режалари ҳақида хабар берган эди. Агентлик 2019 йилда тасдиқланган нархларни қайта кўриб чиқиш устида ишлаган. Ҳозирги тарифлар зарарли деб аталган эди.