Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

Ўзбекистонда магистрал тармоқларнинг учдан бир қисми эскирган, президент электр узатиш тармоқларини модернизация қилишни жадаллаштиришни буюрди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 23 февраль куни энергетикани ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда магистрал электр узатиш тармоқлари қурилиши ва тармоқларни модернизация қилишни жадаллаштириш бўйича топшириқ берди.

Унинг сўзларига кўра, генерация қувватлари ортиб бораётган бир пайтда, электр энергиясини истеъмолчиларга ўз вақтида етказиб бериш асосий масала бўлиб қолмоқда.

Қўшимча юқори кучланишли магистрал тармоқлар қурилмаса, генерация ҳажми ҳақиқий истеъмолдан ошиб кетиш хавфи мавжуд. Шу билан бирга, ўтган йили электр тармоқларини ривожлантириш учун ажратилган маблағларни ўзлаштириш суръатлари етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Давлат раҳбарига умумий узунлиги 602 км бўлган «Талимаржон — Сўғдиёна», «Сирдарё — Ҳалқа» ва «Қоракўл — Нуробод» электр узатиш тармоқларини қуриш режалари ҳақида ахборот берилди. 2030 йилгача «Янги Ангрен — Наманган» тармоғи ва «Наманган» подстанциясини қуриш кўзда тутилган.

Тошкент шаҳрида 75 км юқори кучланишли тармоқлар ва 5 та подстанция қуриш, 69 км тармоқ ва 18 та подстанцияни модернизация қилиш, шунингдек, 638 км паст кучланишли тармоқлар ва 161 та трансформатор пунктини янгилаш вазифалари қўйилди.

Бундан ташқари, қўшни давлатлар билан энергия тизимларини интеграция қилиш орқали Фарғона водийси вилоятларини электр билан таъминлашни яхшилаш режалари кўриб чиқилди. «Сурхон — Пули-Хумри» (Афғонистонга) юқори кучланишли тармоғи ва тегишли подстанциялар қурилишини тезлаштириш топширилди.

Магистрал тармоқларнинг жорий ҳолати

Энергетика вазирлиги тақдимотига кўра (нусхаси «Газета»да мавжуд), Ўзбекистонда 110-500 кВ кучланишли магистрал электр узатиш тармоқларининг узунлиги 12,5 минг кмни ташкил этади. Шундан қарийб 3900 км ёки 32 фоизи янгиланишга муҳтож.

Тизимда умумий қуввати 30 984 МВА бўлган 91 та 110-500 кВ кучланишли подстанция ишламоқда. Бунда 24 та подстанция (28 фоиз) ҳам эскирган деб топилган.

Охирги тўрт йил ичида 1310 км узунликдаги 110-500 кВ тармоқлар қурилди. 9 та 220 кВли подстанция фойдаланишга топширилди, 9348 МВА ҳажмида қўшимча қувват яратилди. Ушбу даврда магистрал тармоқларни ривожлантиришга йўналтирилган жами инвестициялар ҳажми 803,4 млн долларни ташкил этди.

2025 йилда инфратузилмани модернизация қилиш ва кенгайтириш ишлари давом эттирилди. Хусусан:

  • 220 кВли «Оҳангарон» ва «А» (Навоий) подстанцияларига ҳар бири 125 МВА қувватга эга қўшимча трансформаторлар ўрнатилди;
  • қуввати 1602 МВА бўлган янги 500 кВли «Ҳалқа» подстанцияси қурилмоқда;
  • 220 кВли «Юксак» подстанцияси модернизация қилинмоқда (+100 МВА);
  • 209 км 500 кВли ва 213 км 220 кВли тармоқлар қурилди.

2025 йили жами 1952 МВА ҳажмида қўшимча қувват яратилди. Инвестициялар ҳажми 142,1 млн долларни ташкил этди.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» компанияси бошқаруви раиси Абдумалик Назиров президент ҳузуридаги йиғилишда самарадорликни ошириш йўналишлари батафсил белгилаб берилганини айтди.

«Электр энергияси қаердан келаётгани, қайси ускуналарда йўқотишлар бўлаётгани, қайси трансформатор ва қайси подстанцияларда энергия самарадорлигини таъминлаш зарурлиги аниқ кўрсатилди. Ушбу йўналишлар бўйича ҳам қўйилган вазифаларнинг сўзсиз ижроси таъминланади», — деди.

Назиров инфратузилмани модернизация қилиш ишлари аллақачон олиб борилаётганини қайд этди.

«Энергия йўқотишларини камайтириш бўйича тақдимотда айтиб ўтилган янгилаш ва модернизация ишлари аллақачон бошланган. Бундан ташқари, ҳар бир йўналиш бўйича илмий ёндашув қўлланилади: ҳудудларга соҳа олимлари юборилиб, улар ҳар бир подстанция ва тармоқ қисмидаги ҳолатни ўрганадилар. Илмий асосланган хулосалар асосида йўқотишларни камайтириш ва энергия истеъмолини қисқартириш чоралари кўрилади», — деди МЭТ раҳбари.

У ушбу вазифаларни амалга оширишда ҳам халқаро, ҳам миллий тажриба ҳисобга олинишини таъкидлади.

«Ҳудудий электр тармоқлари» компанияси бошқаруви раиси Асроржон Асқаров паст кучланишли тармоқларга хизмат кўрсатувчи ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига ҳар бир кВт·соат ҳаракатини кузатиш бўйича аниқ топшириқлар берилганини маълум қилди.

«Шунингдек, ундан фойдаланиш учун ким масъул экани ва электр энергияси қайси подстанция, қайси трансформатор ва қайси тармоқлар орқали истеъмолчига етказиб берилаётгани белгилаб қўйилди», — деди.

Асқаровнинг сўзларига кўра, профессор ва мутахассислар жалб этилган тизимнинг жорий қилиниши энергия таъминоти барқарорлигини сезиларли даражада оширишга имкон беради:

«Агар биз ушбу тизимни охиригача жорий этсак, электр энергияси йўқотишларини тўлиқ бартараф этишимиз ва тиғиз пайтларда кучланиш ўзгаришларининг олдини олишимиз мумкин бўлади».