«Мен айбдор эмасман. Мен ҳалол одамман. Мен ҳали ҳам президентман». Мадуро АҚШда суд олдида жавоб берди

Венесуэла президенти Николас Мадуро Нью-Йорк судидаги биринчи мажлисда гиёҳванд моддалар савдоси ва наркотерроризм бўйича айбловларга нисбатан ўз айбини тан олмаслигини маълум қилди.

Мадуро залга кирганидан бир неча дақиқа ўтгач, 92 ёшли судья Элвин Хеллерштейн суд жараёнини бошлаш учун ундан шахсини тасдиқлашни сўради, деб хабар беради BBC News.

«Жаноб, мен Николас Мадуроман. Мен Венесуэла Республикаси президентиман ва бу ерда 3 январдан бери ўғирлаб кетилган ҳолда турибман, — деди у судда испан тилида, таржимон унинг нутқини ўгиришидан олдин. — Мен Венесуэланинг Каракас шаҳридаги уйимда қўлга олиндим».

Судья тезда гапга аралашиб, «буларнинг барчасини кўриб чиқиш учун вақт ва жой бўлишини» айтди.

Айблов хулосаси ўқиб эшиттирилгач, судья Мадуродан айбига иқрор ёки иқрор эмаслигини сўради.

«Мен айбдор эмасман. Мен ҳалол одамман. Мен ҳали ҳам ўз мамлакатим президентиман», — дея жавоб берди Мадуро.

Унинг рафиқаси Силия Флорес ҳам худди шу саволга: «Айбдор эмасман, мутлақо айбдор эмасман», деб баёнот берди. Флореснинг пешонаси ва ўнг чаккасига пластир ёпиштирилган эди. Мажлис бошланишидан олдин ҳимоя столига ўтириш учун унга ёрдам керак бўлди.

Флореснинг адвокати у «ўғирлаб кетиш» вақтида олган «оғир жароҳатлари» туфайли тиббий кўрикдан ўтиши зарурлигини таъкидлади.

Мадуро мажлислар залига кирганда, томошабинлар орасидаги бир неча киши билан саломлашиш ва қўл силкиш учун ортига ўгирилди. У бутун мажлис давомида вазмин ва бепарво ҳолатда бўлди. Ҳатто охирида залда жараённи кузатиб турган бир киши тўсатдан Мадуро ўз жиноятлари учун «жавоб беришини» айтиб бақирганида ҳам вазминлигини йўқотмади, деб ёзади BBC News.

«Мен президент ва ҳарбий асирман», — деб бақирди Мадуро испан тилида залдаги киши томон. Шундан сўнг ўша одам йиғлаган ҳолда залдан олиб чиқиб кетилди.

На Мадуро ва на унинг рафиқаси гаров эвазига озод қилиш ҳақида илтимоснома бермади, гарчи буни кейинроқ қилишлари мумкин бўлса-да, ҳозирча улар ҳибсда қолади.

Кейинги суд мажлиси 2026 йил 17 мартга белгиланди.

АҚШ 2026 йил 3 январга ўтар кечаси Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флоресни қўлга олиш бўйича йирик ҳарбий операция ўтказди, натижада уларнинг иккаласи ҳам Нью-Йоркка олиб келинди. Америка расмийлари Мадурони наркотерроризм мақсадида тил бириктириш, кокаин олиб кириш, АҚШга қарши ишлатиш мақсадида қурол ва портловчи қурилмаларни сақлашда айбламоқда.

Вице-президент Делси Родригес Венесуэланинг вақтинчалик президенти бўлди. У 2026 йил 5 январь куни қасамёд келтирди.