
Ўзбекистонда импорт қилинадиган дори воситалари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни рағбатлантириш, Tashkent Pharma Park кластерини кенгайтириш ва халқаро сертификатлаш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда 2026 йил 5 март куни бўлиб ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
Импортнинг ярми — учта компания ҳиссасига тўғри келади
Йиғилишда очиқланган маълумотларга кўра, импорт қилинадиган дориларнинг ярми 34 та хорижий ишлаб чиқарувчи ҳиссасига тўғри келади. Шу билан бирга, учта йирик компания 40 дан ортиқ хорижий фармкомпаниялар маҳсулотларини етказиб бериш бўйича эксклюзив ҳуқуқларга эга бўлган ҳолда, импортнинг қарийб ярмини таъминламоқда.
Президент бундай корхоналарни ижтимоий масъулиятни ўз зиммасига олишга ва бошқаларга ўрнак бўлишга — хорижий ҳамкорлари билан биргаликда Ўзбекистонда брендод дорилар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга чақирди.
Маҳаллийлаштиришни рағбатлантириш мақсадида роялти солиғи (бренддан фойдалангани учун хорижий компанияларга тўланадиган тўловлар) 20 фоиздан 5 фоизгача туширилади.
Мисол тариқасида Туркиянинг World Medicine компанияси лойиҳаси келтирилди. Ушбу компания Tashkent Pharma Park фармацевтика кластерида антибиотиклар, вирусларга қарши ва юрак-қон томир препаратлари ишлаб чиқариш бўйича қиймати 30 млн долларлик лойиҳани амалга оширмоқда.
Маҳаллий дори ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш
Оригинал препарат яратилганидан 20-30 йил ўтиб, бошқа компаниялар унинг аналогларини чиқаришни бошлаши мумкин. Ишлаб чиқариш технологиясини тезроқ ўзлаштирган ишлаб чиқарувчи ғалаба қозонади, деб таъкидланди йиғилишда.
Бундай талаб юқори бўлган препаратлар маҳаллийлаштирилса, уларнинг ички бозордаги нархи беш бараваргача арзон бўлиши мумкин.
Шу боис, йил давомида Ўзбекистонда шундай дориларни ишлаб чиқаришни бошлайдиган корхоналарнинг технологиялар трансфери учун харажатларининг ярми Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан қоплаб берилади, деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, энг кўп импорт қилинадиган 100 турдаги дори воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи бўлган тадбиркорлар учун Tashkent Pharma Park кластери ҳудудини яна 100 гектарга кенгайтириш режалаштирилган.
Жанубий кореялик ҳамкорлар аввалроқ фармпаркка бириктирилган 60 гектар ерни бошқарувга олишни, инфратузилмага 40 млн доллар инвестиция киритишни ва майдонга Жанубий Кореянинг етакчи компанияларини жалб қилишни таклиф этишган.
Мутасаддиларга музокараларни якунлаш ҳамда биофармацевтика ва косметика маҳсулотлари соҳасида камида 400 млн долларлик лойиҳаларни шакллантириш вазифаси топширилди.
Сертификатлаш ва давлат харидлари
Фармацевтика тармоғида экспорт 220 млн долларга етди, бироқ ушбу ҳажмнинг фақат 7 фоизи бевосита дори воситалари ҳиссасига тўғри келади.
Мамлакатда дори ишлаб чиқарувчи барча 58 та фармацевтика корхонаси миллий GMP сертификатини олган. Эндиликда қимматроқ бозорларга чиқиш учун ишлаб чиқаришни EuroGMP талабларига мувофиқлаштириш зарур.
2026 йил 1 июндан бошлаб маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг EuroGMP сертификатини олиш харажатларининг 50 фоизи Савдога кўмаклашиш жамғармаси томонидан қопланади.
Йиғилишда, шунингдек, фармацевтика корхоналарининг давлат харидларида иштирок этиш муаммолари ҳам муҳокама қилинди.
51 та корхона 2000 турдаги дори ва тиббий буюмлар учун маҳаллий маҳсулот сертификатини олган. Бироқ, маҳаллийлаштириш даражаси 30 фоизга етмагани сабабли, 16 та ишлаб чиқарувчи 178 турдаги маҳаллий маҳсулотни давлат ташкилотларига етказиб бера олмаяпти.
Шу каби муаммони турли тармоқлардаги — электротехника, озиқ-овқат саноати, тўқимачилик ва бошқа соҳалардаги 811 та корхона ҳам кўтаргани таъкидланди.
Шу муносабат билан, 1 сентябрга қадар маҳаллий маҳсулот сертификатига эга бўлган тадбиркорларга маҳаллийлаштириш даражасидан қатъи назар, давлат харидларида иштирок этишга рухсат берилади.
Мутасадди идораларга илғор халқаро тажриба асосида маҳаллий маҳсулотни аниқлаш мезонларини тўлиқ қайта кўриб чиқиш топширилди.
Бундан ташқари, президент йиғилишда ҳокимларни бўш турган фармзоналар ва лойиҳалар йўқлиги учун танқид қилди. 1 апрелдан Ўзбекистондаги дори ишлаб чиқарувчилар қаерда жойлашганидан қатъи назар, ер солиғидан озод қилинади. Фармлойиҳа ишга тушганидан кейин уч йил давомида фойда солиғи ва мол-мулк солиғи ундирилмайди.