Ўзбекистонда лицензиядан ташқари хизмат кўрсатган 10 та хусусий клиника аниқланди

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистондаги хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятида қатор қонунбузарликлар, шу жумладан, лицензиядан ташқари хизматлар кўрсатиш ҳолатларини аниқлади.

Текширув истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда ўтказилди.

Қўмита маълумотларига кўра, мамлакатдаги барча хусусий тиббиёт муассасаларининг 85 фоизини (8486 тадан 7284 таси) қамраб олган тадқиқот давомида қуйидаги қонунбузарликлар аниқланган:

  • клиникаларнинг 27,4% (2000 та объект) кўрсатилган манзилда фаолият юритмаган;
  • 3% (235 та муассаса) пешлавҳалар бўлмаган;
  • 47% (3428 та) ташқи реклама объектлари жойлаштирилган;
  • 20% (1460 та) маълумот давлат тилида тақдим этилмаган;
  • 61,5% (4483 та) тиббий хизматлар учун нархномалар мавжуд бўлмаган;

Бундан ташқари, қатор хусусий клиникаларда лицензияда назарда тутилмаган фаолият турларини амалга ошириш ҳолатлари аниқланган. Улар орасида:

  • Самарқанд вилояти — AFX Dardga Shifo;
  • Сурхондарё вилояти — Nigora Plus Charos Med, Sherobod Shifo Maskani;
  • Тошкент вилояти — Qiziltog Dental, Murod Yorqin Najot, Chirchiq Zinnura Stom, Tursunoy Faxr Stom, Buloqboshi Sog’lomlashtirish Klinikasi;
  • Фарғона вилояти — Zaylobiddin Shifo Nur, U-Shifo Center;

Тўпланган материаллар чора кўриш учун ваколатли органларга юборилди.