
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 20 август куни тадбиркорлар билан мулоқот чоғида суд амалиётига «астрент» тизимини жорий этиш, лицензиялар сонини қисқартириш ва қатор товарларга мажбурий сертификатларни бекор қилиш ҳақида эълон қилди.
«Бугунги тадбиркор кечаги тадбирдор эмас. Уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ошганини судларга мурожаатлар сонининг ўсишидан ҳам кўриш мумкин», — деди давлат раҳбари.
2024 йили иқтисодий ва маъмурий судларда тадбиркорлик фаолиятига оид 81 мингдан ортиқ низо кўриб чиқилган.
Президент моддий зарарни ундириш бўйича суд қарорларининг ижроси чўзилаётганига эътибор қаратди. Бизнес манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида «астрент» тизими жорий этилади: суд қарорида қарздорнинг зарарни қоплашни кечиктирган ҳар бир куни учун пеня тўлаш мажбурияти аниқ кўрсатилади.
Одатда, тадбиркор ўзи рўйхатдан ўтган ҳудуддаги иқтисодий ёки маъмурий судга мурожаат қилиши шарт. Энди тадбиркорлар экстерриториал тартибда ҳам иқтисодий ва маъмурий судларга мурожаат қилишлари, яъни рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар, ўз танловига кўра исталган судга даъво аризаси беришлари мумкин бўлади.
Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-қоидаларини соддалаштириш
Сўнгги йилларда 120 турдаги ҳужжатларни тақдим этиш талаби бекор қилинди, яна шунча турдаги лицензиялар электрон шаклга ўтказилди. Фақатгина 2024 йилда 16 турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилиниши тадбиркорларга қарийб 350 млрд сўм тежаш имконини берди.
Мирзиёевнинг таъкидлашича, 2026 йилдан бошлаб яна 10 турдаги лицензия ва рухсатномаларни бекор қилиш режалаштирилган. Хусусан, аудиторлик ташкилотлари, туризм соҳасидаги ҳунармандлар, туристик ахборот марказлари ва транспортга техник кўрик ўтказувчи тадбиркорлар учун лицензиялаш ўрнига хабардор қилиш тартиби жорий этилади.
Агар ҳозир лицензиялаш қоидаларини бузганлик учун корхонага ҳам, унинг раҳбарига ҳам жарима солинаётган бўлса, келгусида жарима фақат корхонадан ундирилади, мансабдор шахснинг жавобгарлигини эса бошқарув органининг ўзи белгилайди.
Сертификатларни бекор қилиш
Шунингдек, кўчатлар, минерал ўғитлар, пойабзал ва чорва озуқалари каби санитария, ветеринария ва карантин назорати остидаги 32 тоифадаги маҳсулотлар учун мажбурий мувофиқлик сертификати бекор қилинмоқда.
Мажбурий сертификатланиши лозим бўлган товарлар рўйхати 459 тагача қисқартирилди ва келгусида яна 288 позицияга камайтирилади. Сертификатлаш ўрнига мувофиқлик декларацияси амалиёти кенг жорий этилади.
«Техник тартибга солиш тизими бутунлай ўзгартирилади. Мамлакатимизга энг нуфузли, халқаро тан олинган лабораториялар кириб келиши учун барча шароитларни яратамиз. Энди биз маҳсулот сифати устидан «бозор назорати» тизимига ўтмоқдамиз. Бундан буён назорат объекти тадбиркор эмас, балки бевосита маҳсулотнинг ўзи бўлади», — деди президент.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон тадбиркорлари учун «амнистия» эълон қилинди — улар 16 трлн сўмлик аниқланган хатоларни 1 ноябргача жаримасиз бартараф этишлари мумкин. Фойда солиғи бўйича аванс тўлови учун чегара 2 баробар оширилмоқда. ҚҚСга ўтишни рағбатлантириш учун компаниялар вақтинча фойда солиғидан озод этилади.
Президент, шунингдек, компанияларга лойиҳаларни жойлаштириш ва инвесторлардан тўғридан-тўғри маблағ жалб қилиш имконини берадиган инвестиция платформасини ишга тушириш режалари ҳақида ҳам маълум қилди. Ҳисоб-китобларга кўра, бизнес йилига қўшимча 1 млрд долларгача маблағ олиши мумкин. 100 та маҳаллий стартапни жаҳон даражасидаги компанияларга айлантириш режалаштирилган.

