Ўзбекистон Футбол ассоциацияси ҳузурида «Легионерлар клуби» ташкил этилмоқда

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 21 август куни мамлакатда футболни рақамлаштириш ва янада оммавийлаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Футбол ассоциацияси (ЎФА) ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган «Легионерлар клуби» ташкил этилмоқда. Унинг таркибига хорижда тўп сураётган ёки аввал тўп сурган етакчи ўзбекистонлик футболчилар, шунингдек, футбол соҳасидаги бошқа мутахассислар киради.

Клуб фаолиятига республика футбол академиялари ва мактаблари бириктирилади.

Бундан ташқари, Спорт вазирлигига клуб аъзоларига давлат спорт таълим ташкилотларига тегишли бўш ер участкаларини ажратиш ҳуқуқи берилди. Ушбу ер участкалари хусусий футбол мактаблари ва клубларини кейинчалик ташкил этиш учун давлат-хусусий шериклик шартлари асосида тақдим этилади.

Президент, шунингдек, бутун цикл — ҳакамлик ва ўйинларни ташкил этишдан тортиб футболчиларни тайёрлашгача бўлган жараённи қамраб олиши керак бўлган «Миллий электрон футбол платформаси» ахборот тизимини яратишни тасдиқлади.

2026 йил 1 январдан бошлаб футбол академиялари ва мактаблари, жумладан, футбол секциялари бўлган спорт мактаблари босқичма-босқич тизимга улана бошлайди. Платформа орқали ўқув машғулотларини онлайн кузатиш, саралаш, футболчиларнинг тиббий ва жисмоний кўрсаткичларини мониторинг қилиш ҳам амалга оширилади.

2026 йил 1 мартга қадар футбол академиялари ва мактаблари Ўзбекистон Футболни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан шахсни биометрик идентификация қилиш имкониятига эга планшетлар билан таъминланиши керак.

Президент қарори билан давлат мулки бўлган футбол стадионларининг мақсадли вазифасини ўзгартириш ва сотиш тақиқланади. Октябрь ойидан бошлаб маҳаллаларда бўш ер майдонларини футбол майдончалари қуриш учун аукционга қўйиш дастури бошланади.