Тожикистонда ижтимоий тармоқлардаги лайклар учун жиноий жавобгарлик бекор қилинди

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ижтимоий тармоқлардаги лайклар ва реакциялар учун жиноий жавобгарликни бекор қилувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари сайтида хабар қилинди.

“Тожикистон Республикасининг “Тожикистон Республикаси Жиноят кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни ижтимоий тармоқларда лайк ёки бошқа белги қўйгани учун жиноий жавобгарликни бекор қилади”, — дейилади хабарда.

Гап 179-3-модда (Террорчилик хусусиятига эга жиноятлар содир этишга оммавий даъватлар) ва 307-1-модда (Экстремистик фаолиятни амалга оширишга оммавий даъватлар)га киритилган ўзгартишлар ҳақида бормоқда. Озодлик радиосининг аниқлик киритишича, 2018 йилдан бошлаб ушбу таърифлар остига ҳатто лайклар ва репостлар ҳам тушиб, бунинг учун 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин эди.

2024 йил октябрь ойида Раҳмон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни асоссиз жиноий ишлар қўзғаётгани учун танқид қилиб, бу амалиётга чек қўйишни талаб қилган эди.

“Сўнгги вақтларда органлар айрим фуқароларнинг ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган материаллар ва видеороликларга лайк босганлигини далил сифатида қабул қилиб, оқибатда катта қийинчиликларга дуч келмоқдалар. Бошқача айтганда, айрим органлар уларга нисбатан асоссиз равишда жиноий ишлар қўзғамоқдалар, бундай ҳаракатларга чек қўйиш зарур”, — деган эди ўшанда Тожикистон президенти.

2025 йил апрель ойида Тожикистон парламенти ижтимоий тармоқлардаги лайкларни декриминализация қилишни маъқуллади. ASIA-Plus ёзишича, қонун лойиҳаси билан мамлакат Бош прокуратураси ташаббус кўрсатган.

Тожикистон Жиноий жазоларни ижро этиш бош бошқармаси маълумотларига кўра, бугунги кунда 1500 дан ортиқ киши ижтимоий тармоқлардаги реакциялар, шунингдек, “террорчилик ва экстремистик мазмундаги изоҳлар ва фикрлар” учун қамоқ жазосини ўтамоқда.