Латвияга келувчи хорижий фуқаролар учун олдиндан хабар бериш тартиби жорий этилди

2025 йил 1 сентябрдан бошлаб учинчи давлатлар фуқаролари, жумладан, Латвияга Шенген визаси ёки Европа Иттифоқининг бошқа давлати томонидан берилган яшаш рухсатномаси билан ташриф буюрувчи Ўзбекистон фуқаролари учун олдиндан хабар бериш тартиби жорий этилди. «Дунё» АА хабарига кўра, бу Латвия иммиграция тўғрисидаги қонунига киритилган ўзгартиришларда назарда тутилган.

Латвия томонидан берилган виза ёки яшаш рухсатномасига эга бўлмаган учинчи давлатлар фуқаролари Латвияга саёҳат қилишдан камида 48 соат олдин eta.gov.lv сайтида ўзлари ҳақида маълумот беришлари шарт. Бу мажбурият Латвия орқали транзит ўтадиган шахсларга ҳам татбиқ этилади.

Латвияга ташриф буюрувчи шахс талаб қилинган маълумотларни шахсан тақдим этиши ва электрон почта манзилига тасдиқнома келишини кутиши керак. Қуйидаги маълумотларни тақдим этиш зарур:

  • ташриф (кириш) мақсади;
  • кўзда тутилган бўлиш вақти ва жойи;
  • саёҳат йўналиши;
  • алоқа маълумотлари;
  • шахс ёки унинг қариндошининг сайланадиган лавозимлардаги фаолияти;
  • сайловларда номзод сифатида иштироки;
  • давлат ҳокимияти органлари ёки маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларида (амалдаги ёки собиқ) мансабдор шахс лавозими;
  • қуролли кучлар, махсус хизматлар, чегара қўшинлари, божхона қўшинлари, ички ишлар органлари, адлия органлари ёки дипломатик хизматдаги хизмат ҳақидаги маълумотлар.

Латвия ИИВ хорижлик талаб қилинган маълумотларни тақдим этмаса ёки нотўғри/тўлиқ бўлмаган маълумотларни тақдим этса, у маъмурий жавобгарликка тортилишини маълум қилди.

Янги кириш тартиби дипломатик иммунитетга эга бўлган шахсларга, шунингдек, хизмат вазифаларини бажариш ёки техник ёрдам кўрсатиш учун Латвияга қисқа муддатга келадиган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.