
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 18 ноябрь куни кўмир қазиб олиш соҳасидаги эришилган натижалар ва олдинда турган вазифалар тақдимоти билан танишди.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, 2024—2025 йилги куз-қиш мавсумида қарийб 8,7 млн тонна кўмир қазиб олинган ва иссиқлик электр станциялари, ижтимоий муассасалар ҳамда аҳолига етказиб берилган. 2025−2026 йилги мавсум учун қазиб олиш ҳажмини 10 млн тоннагача (+15%) ошириш режалаштирилган.
Ушбу кўрсаткичларга эришиш мақсадида «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамияти корхоналарининг моддий-техника базаси мустаҳкамланди, шунингдек, соҳага қўшимча ишлаб чиқарувчилар кириши учун шароитлар яратилди, дейилади хабарда.
Давлат раҳбари бутун иситиш мавсуми давомида аҳолини кўмир билан узлуксиз таъминлашни топширди.
У, шунингдек, корхоналарни модернизация қилиш, янги қувватларни ишга тушириш ва бозор механизмларини жорий этиш ҳамда кўмир саноатида рақобатни ривожлантириш ҳисобига маҳсулот таннархини пасайтириш муҳимлигини қайд этди.
Тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобир Исламов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида давлат раҳбари кўмир саноати бўйича қатор вазифаларни белгилаб берганини маълум қилди:
«Корхоналаримизни модернизация қилиш ҳисобига ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, шу билан бирга, аҳолига кўмирни кафолатланган арзон нархларда етказиб бериш учун таннархни пасайтириш керак. Шунингдек, ушбу корхоналар ва бутун соҳани босқичма-босқич бозор тамойилларига ўтказиш, соҳага кўпроқ тадбиркорларни жалб қилиш ва рақобат муҳитини яратиш вазифаси топширилди», — деди Исламов.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда 5,6 млн тонна кўмир ишлаб чиқарилган, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 5,6%га кўп.
2024 йилнинг май ойида мамлакатнинг кўмир захиралари қарийб 2 миллиард тоннага баҳоланган эди.
2024 йил апрель ойида Ўзбекистонда кўмир нархларини давлат томонидан тартибга солишдан воз кечиш ва улгуржи ҳамда чакана нархларни бозор тамойиллари асосида шакллантиришга ўтиш режалаштирилаётгани хабар қилинган эди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда табиий газни тежаш мақсадида иссиқхоналар, цемент ва ғишт заводларининг бир қисми, шунингдек, болалар боғчалари, мактаблар ва шифохоналарни кўмир ёқилғисига ўтказиш бошланди. 2023 йилда 5407 та ижтимоий объект, 1147 та иссиқхона ва 250 та заводни ўтказиш кутилган эди.

