
Ўзбекистон Марказий банки бозор иштирокчиларида ҳақиқийроқ кутилмаларни шакллантириш мақсадида валюта курсининг каттароқ ўзгарувчанлигига (тебранишларига) атайин рухсат берди. Бу ҳақда 2025 йил 11 сентябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Тимур Ишметов маълум қилди.
Аввалроқ Халқаро валюта фонди Ўзбекистон сўмга кўпроқ эркинлик бериш тавсиясини ижобий қабул қилганини қайд этган эди. Миллий валютанинг тебраниш диапазони 2025 йил апрель ойидан бери қарийб тўрт баравар кенгайган: агар январь-апрель ойларида курс кунига ўртача 12,2 сўмга ўзгарган бўлса, 18 апрелдан кейин бу кўрсаткич 47,5 сўмни ташкил этди.
«Сўнгги пайтларда биз [валюта курси бўйича] сиёсатни бироз ўзгартирдик — тебранишлар бироз ўсишни бошлади», — деди.
Унинг сўзларига кўра, кўп йиллар давомида валюта курси нисбатан тор доирада сақланиб қолган, бу бозор иштирокчилари, айниқса, банклар ва бизнесда барқарор кутилмаларни шакллантирган.
«Бозор иштирокчилари, биринчи навбатда банклар ва бизнесда маълум кутилмалар шаклланган: курс ҳар йили маълум бир фоизга ўсади, ҳатто бироз пасайган тақдирда ҳам, барибир кейинчалик албатта кўтарилади», — деди.
Марказий банк раҳбари бундай кутилмалар ва «андозалар»нинг шаклланиши иқтисодий агентларнинг хулқ-атворига таъсир қилишини таъкидлади.
«Эндиликда биз тебраниш даражасининг ошиши валюта курси бўйича ҳақиқийроқ кутилмалар шаклланишига ҳам хизмат қилади ва, шунга мос равишда, долларлашув даражасига таъсир кўрсатиши мумкин деб ҳисоблаймиз», — дея қўшимча қилди Тимур Ишметов.
ХВФ фикрича, валюта курсининг янада мослашувчанлигига ўтиш шоклардан ишончлироқ ҳимояни таъминлайди. Бу, шунингдек:
- халқаро захираларни сақлаш;
- компанияларни валюта таваккалчиликларини ҳимоялашга (хеджирлашга) ундаш;
- пул-кредит сиёсати сигналлари узатилиши самарадорлигини ошириш;
- ва девальвация бўйича барқарор кутилмаларнинг олдини олишга ёрдам беради. Шунингдек, Марказий банкка валюта интервенцияларини нейтраллик тамойилига риоя қилиш билан боғлиқ ҳолатлар билан чеклаш тавсия этилди, бунда регулятор ушбу операцияларнинг ликвидликка таъсирини нейтраллаш мақсадида маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинган олтин ҳажмига тенг миқдорда хорижий валютани сотади.
Янада мослашувчан валюта курси ҳақиқий бозор шароитлари — валютага бўлган талаб ва таклифни акс эттириш имконини беради. Бошқариладиган курс бу сигналларни бузиб кўрсатиши мумкин, бу бизнесга режалаштиришни, инвесторларга эса хатарларни баҳолашни қийинлаштиради. Мослашувчан курс ташқи омиллардан — масалан, экспортнинг пасайиши, жаҳон нархларининг ўсиши ёки геосиёсий хатарлардан келадиган зарбаларни ўзи юмшатиши мумкин. Бу валюта захираларига босимни ва давлатнинг шошилинч аралашуви заруратини камайтиради.
Сўмнинг янада мослашувчан режими аҳоли ва бизнеснинг сўм доимий равишда қадрсизланиб бораётгани ҳақидаги кутилмаларини бузишга ёрдам беради, курс ҳам пасайиши, ҳам мустаҳкамланиши мумкинлигини кўрсатади.