
Қорақалпоғистондаги Барсакелмес туз кони ҳудудида тузни қайта ишлаш учун Kungrad Salt Free Zone саноат зонасини яратиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг 2025 йил 3 ноябрдаги қарорида айтилган.
Лойиҳа минтақанинг табиий ресурсларидан самарали фойдаланиш ва тузни қайта ишлашни ривожлантиришга қаратилган. 2030 йилгача 200 млн долларгача инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилган бўлиб, бунинг камида 50 млн доллари 2026 йилдаёқ амалга оширилади.
Саноат зонаси Қўнғирот туманида, «Устюрт» овули яқинида жойлашади. Бу ерда тузни қайта ишлаш инфратузилмасини яратиш, йирик халқаро инвесторларни жалб қилиш (Германиянинг K+S, Хитойнинг China National Salt Industry Corporation ва Ҳиндистоннинг Tata Chemicals Limited компаниялари билан музокаралар ўтказиш топширилган) ва янги экспорт бозорларини ўзлаштириш кўзда тутилган.
Kungrad Salt Free Zone бош режасини 2025 йил охиригача Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, шунингдек, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши топширилди.
Биринчи босқичда — 2025—2026 йилларда — инвестиция лойиҳалари 50 гектар майдонни эгаллайди, кейинги йилларда эса зарур бўлганда зона ҳудуди 200 гектаргача кенгайтирилади.
Kungrad Salt Free Zone да лойиҳаларни амалга оширишни бошлаган тадбиркорлар 5 йил муддатга «Нукус» эркин иқтисодий зонаси иштирокчиси мақомини оладилар, бу эса солиқ ва божхона имтиёзларини назарда тутади.
Инвесторларга, саноат зонасида юқори технологик ишлаб чиқаришлар ва кадрларни қайта тайёрлаш марказларини яратаётган инвесторларга давлат ходимларни ўқитиш харажатларини қоплайди. Таълим ташкилотларига давлат мулки объектлари 5 йилгача муддатга бепул фойдаланишга берилади, мутахассис, муҳандис ва технологларнинг иш ҳақлари эса Давлат бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Минтақада янги туз захираларини аниқлаш ва ўзлаштириш бўйича ҳам ишлар олиб борилади. Истиқболли конлар ҳақидаги маълумотлар очиқ маълумотлар порталида жойлаштирилади.
Бундан ташқари, Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 апрелгача Қорақалпоғистонда юқори технологик лойиҳаларни жорий этиш бўйича узоқ муддатли шартнома асосида доимий ишлайдиган етакчи халқаро экспертни жалб қилишга масъул этиб белгиланди.
2011 йилда «Барсакелмес» ош тузи конининг тасдиқланган захиралари 130 миллион тоннадан ортиқ эди. Бугунги кунда ушбу ҳудудда Қўнғирот сода заводи фаолият юритмоқда.