Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 24/02/2026

Кучукчаларнинг қулоғини юлиб олган йигит 10 суткага қамалди

Сурхондарё вилояти Шеробод туманида яшовчи 20 ёшли йигит кичик кучукчаларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлгани учун 10 суткалик маъмурий қамоқ жазосини олди. Ўтган ҳафтада ижтимоий тармоқларда йигит кучукчаларни қулоғидан тутиб айлантиргани, сўнгра уларнинг қулоқларини юлиб олгани акс этган видео тарқалган эди.

Ўзбекистон ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти матбуот хизматининг хабар беришича, йигитга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Ушбу модда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, уларнинг шикастланишига сабаб бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача (2,06 млн сўмдан 4,1 млн сўмгача) миқдорда жарима солишни ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишни назарда тутади.

ИИВ ЖХД хабарига кўра, ҳолат маҳаллада кўриб чиқилиб, иштирокчиларга бундай хулқ-атвор йўл қўйилмас эканлиги ва қонун билан таъқиб қилиниши тушунтирилган.

Аввалроқ Олий суд 2025 йилда 70 киши ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлгани учун маъмурий жавобгарликка тортилгани ҳақида хабар берилган эди. Улардан 4 нафарига қамоқ жазоси тайинланган бўлса, 66 нафари жами 84 млн сўм миқдорида жаримага тортилган. Бундай ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилмаган.

Жиноий жазо — максимал 6 ойгача озодликдан маҳрум қилиш — фақат ҳайвонларга нисбатан уларнинг ўлимига ёки майиб бўлишига олиб келган шафқатсиз муносабат бир йил давомида такроран содир этилгандагина кўзда тутилган.