Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жаҳон 15/03/2026

Россияда «Крокус Сити Холл»даги теракт иши фигурантлари умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Москвадаги ҳарбий суд «Крокус Сити Холл»даги теракт иши бўйича 19 нафар фигурантдан 15 нафарини умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди, деб хабар бермоқда РИА Новости.

Улар орасида ҳужумнинг 4 нафар ижрочиси: Далержон Мирзоев, Муродали Рачабализода, Муҳаммадсобир Файзов ва Шамсидин Фаридуни бор. Уларнинг ҳар бирига, шунингдек, 990 минг рубль (тахминан 12,5 минг доллар) миқдорида жарима тайинланди. Улар теракт содир этиш, террорчилик фаолиятига кўмаклашиш, террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида таълим олиш ва бошқа жиноятларда айбдор деб топилди.

Шунингдек, Умеджон ва Мустақим Солиевлар, Шаҳромжон Гадоев, Зубайдулло Исмоилов, Ҳусайн Ҳамидов, Муҳаммад Шарипзода, Якубжони Юсуфзода, Назримад Лутфуллои, Жумахон Қурбонов, Ҳусен Медов ва Жаброил Аушев умрбод қамоқ жазосини олди.

Теракт ижрочиларига турар жой ижарага берган Алишер Қосимов 22 йил-у 10 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Унинг Москва вилоятидаги квартираси мусодара қилинди. Террорчиларга машина сотган Исроил, Диловар ва Аминжон Исломовлар 19 йил 11 ой муддатга ҳукм қилинди.

Теракт бўйича жиноят ишини кўриб чиқиш 7 ой давом этди. Жараён иш материалларида махфий маълумотлар мавжудлиги сабабли ёпиқ тартибда ўтказилди.

2024 йил 22 март куни бир неча қуролланган шахслар Москва вилоятидаги «Крокус Сити Холл» концерт залига бостириб кириб, ўт очган эди. Улар, шунингдек, бинога ўт қўйишган ва у бутунлай ёниб кетган. Теракт натижасида 140 дан ортиқ киши ҳалок бўлди, 600 дан зиёди жароҳатланди. Ҳужум учун жавобгарликни «Вилояти Хуросон» ўз зиммасига олган.