
Ўзбекистонда янги хизмат ишга тушганидан бери 73 минг киши ихтиёрий равишда кредит олишга ўз-ўзига тақиқ қўйди. Бу ҳақда Spot Кредит-ахборот таҳлил марказига (КАТМ) таяниб хабар бермоқда.
Кредит беришни ихтиёрий равишда тақиқлаш хизмати 2025 йил 6 июндан ишга тушган. У инсон тўғрисидаги маълумотларни кредит шартномаси тузиш тақиқланган шахслар реестрига киритиш ёки ундан чиқариш имконини беради.
Бу чора президент томонидан 2025 йил 4 март куни имзоланган қонун доирасида жорий этилган бўлиб, фуқароларни уларнинг хабарисиз фирибгарлик йўли билан кредит расмийлаштириш ҳолатларидан ҳимоя қилишга қаратилган.
Ўз-ўзига тақиқни кредит бюроси сайтида ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали бепул расмийлаштириш мумкин.
2023 йилда 2790 нафар фуқаро номига уларнинг хабарисиз 19 миллиард сўм миқдорида кредитлар расмийлаштирилган бўлса, ўтган йилнинг 8 ойи ичида 874 нафар жисмоний шахс жабрланган ва уларга 36,6 миллиард сўм ажратилган.
ИИВ Киберхавфсизлик маркази маълумотларига кўра, 2019-2024 йилларда Ўзбекистонда кибержиноятлар сони 68 баробарга ошган.