Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 21/02/2026

Тошкентда Креатив индустрия парки очиқ жамоат майдони кўринишида ташкил этилади

Президент Шавкат Мирзиёев 2026 йил 16 февралдаги қарори билан Тошкентда Креатив индустриялар паркини ва ҳудудларда креатив кластерларни ташкил этиш чора-тадбирларини тасдиқлади.

Ҳужжат билан 2030 йилгача эришилиши режалаштирилган асосий кўрсаткичлар белгиланди:

  • Креатив иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 5 фоизгача ёки 145 триллион сўмга етказилиши керак (2024 йилда бу кўрсаткич ЯИМнинг 3,7 фоизи даражасида баҳоланган).
  • Креатив индустрия маҳсулотлари ва хизматлари экспорти ҳажмини 1 миллиард доллардан ошириш режалаштирилган.
  • Соҳадаги лойиҳалар доирасида иш ўринлари сонини 500 мингтага етказиш кўзда тутилган.

2026—2027 йилларда Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида (Форобий кўчасидаги собиқ Республика онкология маркази ўрнида) Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси бинолари негизида Креатив индустрия парки ташкил этилади. Объект 24/7 режимида очиқ жамоат майдони сифатида фаолият юритади.

Давлат-хусусий шериклик асосида қуриладиган мажмуа қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • сайр қилиш, дам олиш ва бўш вақтни мазмунли ўтказиш ҳудудлари;
  • арт-объектлар ва монументал санъат асарлари;
  • рақамли дизайн ва дастурлаш йўналиши бўйича халқаро мактаб;
  • бук-кафе, спорт ва воркаут майдончалари, меҳмонхоналар;
  • бадиий ижодкорлар павильони, креатив устахоналар, экологик офис бинолари ва коворкинг маркази;
  • кино ва видеомаҳсулотлар ишлаб чиқариш зоналари ҳамда овоз ёзиш студиялари.

Парк резидентларнинг аъзолик бадаллари, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари, биноларни ижарага бериш ва товар ҳамда хизматларни реализация қилишдан тушган даромадлар, шунингдек, субсидиялар, грантлар ва ҳомийлик хайриялари ҳисобидан молиялаштирилади.

Парк резидентлари учун иқтисодий имтиёзлар кўзда тутилган: ижаранинг бошланғич нархи аукцион савдоларига чиқарилганда 50 фоизга пасайтирилади.

Ҳужжатда, шунингдек, ҳудудда креатив индустриялар кампусини ташкил этиш ҳақида ҳам сўз боради.

Ҳудудлардаги креатив кластерлар

Пойтахтдан ташқари, креатив индустрия кластерларини ҳудудларда ҳам ташкил этиш режалаштирилган:

  • Самарқандда: Регистон майдонида (Улуғбек, Шердор, Тиллакори мадрасалари);
  • Бухорода: Халқаро замонавий санъат биенналеси қамраб олган ҳудудларда;
  • Хивада: Ичан-қалъа мажмуасида.

Шунингдек, креатив майдонлар Янги Тошкентда ва Нукусдаги «Истиқлол» боғи павильонида пайдо бўлиши керак.

Ишларни мувофиқлаштириш учун Президент администрацияси Креатив иқтисодиёт ва туризм департаменти раҳбари ҳамда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова раислигида Креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича республика кенгаши тузилмоқда. Кенгаш таркибига, шунингдек, рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, маданият вазири Озодбек Назарбеков ва бошқа идоралар раҳбарлари кирди.

Унинг вазифаларига креатив индустрияларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, устувор «ўсиш нуқталари»ни белгилаш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш учун инвестицияларни жалб қилиш киради. Кенгаш, шунингдек, интеллектуал мулк ва муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш, малакали кадрлар тайёрлаш тизимини жорий этиш учун масъул.

2026 йил июнга қадар креатив маҳсулотлар учун четдан келтириладиган хомашё ва ускуналарни уч йил муддатга божхона тўловларидан озод қилиш тўғрисидаги ҳужжат қабул қилиниши режалаштирилган. Гап мамлакатда ишлаб чиқарилмайдиган товарлар ҳақида бормоқда.

Декабрга қадар креатив соҳадаги интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилиш ва тижоратлаштиришни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.

Қарор билан Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси лойиҳалари бўйича хорижий контрагентлар учун солиқ имтиёзлари 2030 йил 1 январгача узайтирилди.

2024 йилда креатив иқтисодиёт тўғрисида алоҳида қонун қабул қилиниб, соҳа учун ҳуқуқий база шакллантирилган эди. Шунингдек, Креатив индустриялар парки ташкил этилиб, унинг резидентлари учун махсус солиқ режими жорий қилинган.

Хусусан, даромад солиғи ва ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 6 фоизга туширилган. Бундан ташқари, соҳа тадбиркорларига қатор қўшимча имтиёзлар тақдим этилган.