
Россия полицияси Красноярск ўлкасининг Емеляновск туманида ўзбек қўшиқчиси Жалолиддин Аҳмадалиев концерти пайтида ноқонуний миграцияга қарши кураш рейдини ўтказди. Бу ҳақда ҳудудий Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Полиция ва ФСБ ходимларига махсус кучлар жангчилари ҳамроҳлик қилди. Идора маълумотларига кўра, рейднинг мақсади «мамлакатга ноқонуний кириб келган, шунингдек, гиёҳванд моддалар савдосига алоқадор бўлиши мумкин бўлган чет эл фуқароларини аниқлаш» бўлган.
Полиция 620 кишини текширди, шундан 210 нафари хорижликлар. Улардан эркин муомалада бўлиши тақиқланган буюм ёки моддалар топилмади.
Рейд натижасида 26 киши қўшимча текширув учун полиция бўлимига олиб кетилди, улардан 8 нафари мамлакатда ноқонуний бўлиб турган.
Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси воқеа жойига адвокат юборди. Идора маълумотларига кўра, вазият Россия қонунчилиги доирасида ўрганилмоқда.
Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси ҳибсга олинган 8 нафар ўзбекистонлик Россия Федерациясида бўлиш қоидаларини бузганини маълум қилди. Улардан тўрт нафарига нисбатан маъмурий жарима ва маъмурий тартибда чиқариб юбориш чоралари қўлланилган, қолган тўрт нафари эса Красноярск ўлкасидаги Чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган. Фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда, дея таъкидлади Бош консулхона.
Шунингдек, ушбу консулхона ўзбекистонлик фуқаролар иштирок этган концерт «Красноярск ўлкасининг тегишли ташкилот ва идоралари билан белгиланган тартибда келишилмагани ва бу ҳодисага сабаб бўлганини» маълум қилди. Шу билан бирга, илгари Новосибирскда худди шундай концерт шаҳар расмийлари билан дастлабки тарзда келишилган, «тўлиқ аудитория билан ҳеч қандай ҳодисаларсиз ўтган».
«Красноярскдаги концерт Россия фуқаролари томонидан хусусий тарзда ташкил этилган ва бунинг учун махсус жиҳозланмаган бинода ўтказилган. Шу билан бирга, Бош консулхонанинг фикрича, Красноярск ўлкаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан бундай рейдлар ўтказилиши қонуний асосга эга бўлиши ва маданий дам олишга тўсқинлик қилмаслиги керак», — дейилади хабарда.
Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консулхонаси куч ишлатар тузилмалар ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш учун Красноярск ўлкаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига зарур ҳужжатларни тайёрлади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил июнь ойида Россия куч ишлатар тузилмалари Москвадаги ётоқхонада муҳожирларга қарши рейд ўтказганди. Одамларни ҳибсга олиш пайтида жисмоний куч ишлатилган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги бундан афсус билдирган ва Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан расмий маълумот кутаётганини маълум қилган эди.
Мигрантларга ўз ҳуқуқий мақомини тартибга солиш таклиф қилинган муддат 2025 йил апрель ойида 10 сентябрга қадар узайтирилган эди. Хорижий фуқаролар ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар ўз ҳужжатларини расмийлаштириши ёки мамлакатни тарк этиши керак эди.