
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев парламент ва халққа йўллаган Мурожаатномасида 2026 йилни коррупцияга қарши курашиш соҳасида «фавқулодда ҳолат» йили деб эълон қилди ва бу иллатни мамлакат ривожи ҳамда жамият ишончига бўлган асосий таҳдид деб атади.
«Коррупция — давлат ривожига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигига путур етказадиган, жамиятдаги ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий хавф. Коррупцияга йўл қўйиш — ислоҳотларимизга хиёнат қилиш демак! Хиёнат!» — деди давлат раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, кескин чоралар кўрилмас экан, Ўзбекистон ривожланиш бўйича кўзланган мақсадларга эриша олмайди:
«Агар фавқулодда ҳолат эълон қилмасак, мен айтган рақамларга эриша олмаймиз. Жаҳон ҳамжамиятининг бизга бўлган ишончи камаяди».
Президент барча давлат органларида комплаенс ва ички коррупцияга қарши назорат учун масъул бўлган ўринбосар лавозими, шунингдек, Ҳисоб палатаси вакиллари лавозими жорий этилишини маълум қилди.
«Тизимимиз анча эскириб қолган. Шу боис биз коррупцияга қарши курашиш бўйича янги тизимни жорий этяпмиз», — деб таъкидлади у. Президентнинг сўзларига кўра, янги раҳбарлар инсофсиз шахсларни аниқлаш, бюджет маблағлари талон-торож қилиниши ва ваколатларни суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш билан шуғулланади ҳамда бевосита давлат раҳбарига ҳисоб беради.
«Давлатнинг ҳар бир сўм маблағи ва ресурси учун шахсий жавобгарлик кучайтирилади», — дея таъкидлади Мирзиёев.
У дахлсизликка умид қилаётган амалдорларни алоҳида огоҳлантирди:
«Менда лавозим ва унвон бор, менга ҳеч ким тегмайди», деб ўйлайдиганлар Ўзбекистонда адашади. Қонун олдида ҳамма тенг! Ички ишлар органлари, прокуратура, солиқ ва божхона идоралари, молия ва банк тузилмалари, йирик давлат компаниялари, вазирлик ва ҳокимликлар — бир сўз билан айтганда, бирон-бир идора ва ташкилот назоратдан четда қолмайди».
Комплаенс хизматлари фаолиятига тўсқинлик қилувчи шахслар коррупция шериги сифатида қаралади.
2026 йил 1 январдан бошлаб, унинг сўзларига кўра, Президент Администрациясининг Комплаенс хизмати барча давлат органларида янги тизимни ишга тушириши ва қатъий назорат ўрнатиши лозим.
«Комплаенс хизмати лавозимидан қатъи назар, коррупция ва ваколатни суиистеъмол қилишнинг ҳар бир ҳолати ҳақида шахсан Президентга ахборот беради. У ҳеч кимга бўйсунмайди. Буни эслаб қолинг», — деди Мирзиёев.
У, шунингдек, янги тизим қаршиликларга дуч келишини тан олди:
«Агар биз бу янгиликларни жорий қилмасак, одамлар бизга ишонмайди. Бу янги тизим бўлади. 1 январдан у кўпчиликка ёқмайди. Менга — ёқади. Кимга ёқмаса — кетади. Ҳамма қонун олдида жавоб беради. Буни ҳатто муҳокама ҳам қилмаймиз. Менга етказишяпти, кўпчилик «ундай» ёки «бундай» деяётган экан. Агар муҳокама қилишни бошласанглар — ҳамманг кетасан. Сизлар буни қабул қилишга мажбурсиз», — деди.

