Ўзбекистонда коррупция ҳақида хабар берганларга ҳимоя ордери берилади

Ўзбекистонда коррупция ҳақида хабар берган фуқароларга ҳимоя ордери бериш, шунингдек, ҳақиқий рағбатлантириш механизмини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 2025 йил 10 декабрь куни президентга коррупцияга қарши кураш чора-тадбирлари тақдимотида сўз борди.

Йиғилишда, шунингдек, коррупцияга ёрдам берувчи омилларни аниқлаш ва бартараф этиш билан шуғулланадиган лойиҳа офисларини ташкил этиш таклиф қилинди, бу айниқса ҳуқуқбузарликлар даражаси юқори, бюрократия катта ва рақамлаштириш даражаси паст бўлган соҳаларга тегишли. Бундай офислар иши якунлари бўйича ҳисоботлар тайёрланиб, жамоатчиликка тақдим этилади.

Президент аҳолини коррупцияга қарши фаолиятга жалб қилишнинг муҳимлигини таъкидлади — инвестиция лойиҳалари мониторинги бўйича ташаббускор гуруҳларни кенгайтиришдан тортиб, қурилиш ишларини назорат қилишга маҳалла фаолларини жалб этишгача.

Коррупция ҳолатлари ҳақида мурожаат қилишни рағбатлантириш учун информаторларга ҳимоя ордери бериш ва ҳақиқий рағбатлантириш механизмларини жорий этиш таклиф қилинди. Шунингдек, «Коррупцияга қарши курашга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони таъсис этилади.

ҚҚС маъмуриятчилигидаги суиистеъмолликларни бартараф этиш ва иқтисодий ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш чораларига алоҳида эътибор қаратилди. Шавкат Мирзиёев инсон омили таъсирини қисқартириш, рақамлаштиришни жадаллаштириш ва солиқ ҳисобини тўлиқ автоматлаштиришга ўтиш бўйича топшириқ берди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи Жаҳонгир Ҳотамов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида президент нафақат иқтисодий ҳуқуқбузарликлар оқибатларига, балки уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этишга ҳам эътибор қаратишни топширганини айтди.

Идора олдига ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш механизмлари ва жараёнларни рақамлаштиришни янги босқичга олиб чиқиш, ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари тўғрисидаги маълумотларни тизимли йиғиш ва қайта ишлашни кучайтириш, масофавий назорат қамровини кенгайтириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш вазифаси қўйилди.

«Асосий эътибор жамиятда иқтисодий жиноятларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга, аҳолини олиб борилаётган ишлар ҳақида мунтазам хабардор қилишга, шунингдек, уларнинг фаол иштирокини рағбатлантиришга қаратилиши керак. Бунинг учун олий ўқув юртлари ва мактабларда молиявий саводхонлик бўйича олимпиадалар ўтказиш, ушбу соҳадаги журналистик суриштирувларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ташкилотларда комплаенс-хизматлар фаолиятини такомиллаштиришни давом эттириш таклиф қилинди», — деди Хатамов.

Информаторларни ҳимоя қилиш

2025 йил сентябрь ойида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов депутатларга 2024 йил учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий маърузани тақдим этар экан, коррупция ҳолатлари ҳақида хабар берган 31 киши рағбатлантирилганини таъкидлади.

«2024 йилда 31 киши коррупция ҳақида хабар берди ва рағбатлантирилди. Лекин қатор омиллар мавжуд. Биринчи муаммо — фуқароларнинг паст фаоллиги. Иккинчиси — сақланиб қолаётган инсон омили: автоматик мукофотлаш тизими ҳали яратилмаган», — деди.

Бурхонов аксарият ҳолатлар пул тўлаш билан эмас, балки миннатдорчилик хатлари билан якунланаётганини қайд этди. 2024 йилдаги 31 та ҳолатнинг 28 таси фақат ёзма миннатдорчилик билан тугаган, гарчи тартиб республика бюджетидан молиявий тўловларни назарда тутса ҳам.

Қўшимча қийинчилик — бундай тўловларни мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш учун жавобгар бўлган органнинг йўқлиги. Агентлик фақат ҳисоб-китобларни юритади.

У аниқланган муаммоларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиришлар лойиҳаси тайёрланганини маълум қилди, шунингдек, ҳозирги шароитда информаторлар заиф бўлиб қолаётганини тасдиқлади.

«Сўровларимизга кўра, фуқароларнинг қарийб 30% ҳимоя йўқлигидан қўрқиб, коррупция ҳақида хабар беришдан чўчийди. Бу айниқса журналистлар ва блогерларга тегишли: улар бу мавзуни кўтариши биланоқ, давлат органлари ёки таҳририятлар томонидан босим бошланади», — дея таъкидлади Агентлик раҳбари.

Бу муаммоларни ҳал қилиш учун коррупция ҳақида хабар берувчи шахсларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди, у ҳимоя механизмларини ва алоҳида кафолатларни, жумладан, суриштирув ўтказаётган журналистлар учун ҳам назарда тутади.

«Агар қонун қабул қилинса, фуқаролар ва информаторлар қўрқмасдан коррупция ҳолатлари ҳақида хабар беришлари мумкин бўлади. Бундан ташқари, парламентда коррупциявий жиноятлар учун жавобгарликни кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда», — дея хулоса қилди Бурхонов.