Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 11/02/2026

«Коррупция ҳақида хабар берганларни ҳимоя қилиш илгари қонун билан таъминланмаган эди» — Акмал Бурхонов

2026 йил 1 июлдан бошлаб коррупция фактлари ҳақида хабар берган шахслар рағбатлантирилади ва ҳимоя ордерини олади. Бу ҳақда 2026 йил 6 февраль куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, амалдаги қонунчиликда коррупция ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантиришни мувофиқлаштирувчи ягона орган мавжуд эмас эди.

«Хабар берган шахсни рағбатлантириш чораси ҳар бир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органда тузилган комиссия хулосаси асосида, яъни ҳар бир ҳолатда алоҳида белгиланади. Мисол келтираман: 2024 йилда коррупция ҳолатлари бўйича 40 дан ортиқ хабар келиб тушган. Бироқ уларнинг фақат биттаси бўйича рағбатлантириш берилган, қолганларига ташаккурномалар топширилган. Ваҳоланки, қонунчиликда пул мукофоти тўланиши кераклиги кўрсатилган. Мувофиқлаштирувчи орган бўлмагани сабабли, бу тартиб амалда ишламаётган эди», — деди Акмал Бурхонов.

Агентлик раҳбари Президент фармонига асосан 2026 йил 1 июлдан бошлаб коррупция ҳақида хабар берган шахслар рағбатлантирилишини таъкидлади.

«Биз мукофотлаш масаласини бир неча бор кўтарганмиз. Таклифларимиз давлат раҳбари томонидан қўллаб-қувватланди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ўзбекистонда коррупция ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи орган этиб белгиланди. Пул мукофотлари агентлик жамғармаси орқали тўланади. Агар бу тизим ишга тушса, фуқароларнинг фаоллиги ҳам ортади», — дея қўшимча қилди Антикоррупция идораси раҳбари.

Бурхоновнинг сўзларига кўра, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берганларга ҳимоя ордери ҳам берилади.

«2025 йилда бизнинг колл-марказимизга коррупция фактлари бўйича 500 дан ортиқ аноним мурожаат келиб тушди. Бироқ қонунчиликда ҳимоя чоралари йўқлиги сабабли, кўплаб фуқаролар босим ва таъқибдан қўрқиб, кейинги ҳаракатлардан воз кечган. Энди ҳужжатга мувофиқ, аноним аризачилар шахсининг махфийлиги кафолатланади», — деди.

Хабар берган шахсларга ҳимоя ордерлари бериш масаласи 2025 йил 10 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги тақдимотда кўтарилган эди. Ўша тадбирда турли соҳалардаги коррупция омилларини бартараф этиш учун лойиҳа офисларини ташкил этиш, шунингдек, «Коррупцияга қарши курашишга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишонини таъсис этиш ташаббуслари ҳам илгари сурилган эди.