
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 14 январь куни кўп квартирали уй-жой фондини бошқариш тизимини такомиллаштириш ва аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.
Давлат раҳбари матбуот хизматининг маълумотларига кўра, бугунги кунда мамлакатда 7,1 миллиондан ортиқ киши 44 мингдан зиёд кўп квартирали уйларда истиқомат қилмоқда. Уларга 900 дан ортиқ бошқарув сервис компаниялари ва 200 дан ортиқ уй-жой мулкдорлари ширкатлари хизмат кўрсатмоқда, шу билан бирга, 856 та уйда ўз-ўзини бошқариш тизими жорий этилган.
Яширин даромадлар ва бошқарувнинг янги модели
Бошқарув сервис компанияларининг аксарияти асосан мажбурий бадаллар ҳисобига ишлашда давом этмоқда, соҳа ривожига инвестиция киритишга тайёр тадбиркорлар сони эса чекланганлигича қолмоқда, дейилади хабарда.
Экспертларнинг дастлабки баҳолашига кўра, йирик шаҳарлар ва вилоят марказларида бошқарув компанияларининг яширин даромадлари ҳажми расман кўрсатилган тушумлардан камида икки баравар кўп. Бу, маърузачиларнинг сўзларига кўра, уй-жой фондини бошқаришнинг янги моделига ўтиш зарурлигидан далолат беради.
Шу муносабат билан, 2026–2030 йилларда қатор шаҳар ва туманларда ҳуқуқий эксперимент тариқасида кўп квартирали уйларни бошқаришнинг кластер тизимини жорий этиш таклиф қилинди.
Кластерлар, уйлар тоифалари ва мулкдорлар овоз бериши
Эксперимент доирасида уйларнинг ҳолатини таҳлил қилиш ва уларни кейинчалик «яшил», «сариқ» ҳамда «қизил» тоифаларга ажратиш режалаштирилган. Шунингдек, камида 7000 та хонадондан иборат лотларни шакллантириш ва уларнинг ҳар бири учун беш йиллик ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.
Лотлар ва мастер-режалар туман кенгашлари томонидан тасдиқланади, бошқарув ташкилотларини эса мулкдорларнинг ўзлари «Менинг уйим» тизими орқали овоз бериш йўли билан танлайдилар.
Бошқарув ташкилотлари учун минимал молиявий ва ташкилий талаблар, жумладан, ўз маблағлари, моддий-техник базаси ва туну кун ишлайдиган диспетчерлик хизмати мавжудлиги белгиланади.
Шу билан бирга, уларга маиший сервис марказларини ташкил этиш, енгил конструкцияли объектлар қуриш ва улардан узоқ муддат фойдаланиш ҳисобига қўшимча даромад олиш имкониятлари берилади.
«Менинг уйим» тизимига қатъий боғланиш ва назорат
Мажбурий бадаллар, шунингдек, бошқарув ташкилотларининг барча қўшимча даромадлари истисносиз «Менинг уйим» биллинг тизими орқали ҳисобга олинади. Ҳисоб-китобларда ушбу тартибга риоя қилмаслик бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи қоидаларини бузиш сифатида қаралади.
Умумий мол-мулкни ижарага бериш ёки текин фойдаланиш шартномалари солиқ органларида мажбурий рўйхатдан ўтказилиши шарт. Қонунбузарликлар юз берган тақдирда бошқарув ташкилоти электрон реестрдан чиқариб юборилади.
Умумий йиғилишларни ташаббус қилиш, муҳокамалар, қарорлар қабул қилиш, шартномалар тузиш, ҳисоботлар тақдим этиш, шунингдек, мурожаатларни юбориш ва кўриб чиқиш — бу жараёнларнинг барчасини «Менинг уйим» тизими орқали тўлиқ рақамли форматга ўтказиш режалаштирилмоқда.
Агар амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботлар ҳар чорак якуни бўйича тизимга киритилмаса, мажбурий бадалларни ҳисоблаш тўхтатиб қўйилади ва ушбу давр учун қайта ҳисоб-китоб амалга оширилмайди.
Аввалроқ сенаторлар Вазирлар Маҳкамасига бошқарув сервис компаниялари хизматлари сифати юзасидан сўров юборгани ҳақида хабар берилган эди. Бунга фуқароларнинг минглаб шикоятлари, бошқарув компанияларининг мулкдорлар иштирокисиз тайинланиши ва ҳисобдорликнинг йўқлиги сабаб бўлган. Сенат раҳбари буни «тўғридан-тўғри одамларнинг кайфияти билан боғлиқ жиддий масала» деб атаган эди.

