
Ўзбекистонда 2025 йилнинг биринчи ярмида кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатувчи 83 та бошқарув компанияларида қарийб 26 миллиард сўм миқдоридаги мажбурий тўловларни ўзлаштириш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда 2025 йил 8 июль куни АКТ Агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраева маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида 158 та уй-жой бошқарув органига нисбатан 587 миллион сўм миқдорида жарималар тайинланган.
«Вазирликда фуқароларнинг мурожаатлари доимий равишда — чораклик, ярим йиллик ва йиллик асосда таҳлил қилиб борилади. 2025 йилнинг биринчи ярмида 417 та кўп квартирали уйларни бошқариш органи фаолияти текширилди. Улардан 83 тасининг (74 та бошқарув ва сервис компаниялари, 9 та Уй-жой мулкдорлари ширкати) молиявий ҳолати текширилганда, 25,9 миллиард сўм миқдоридаги мажбурий тўловларни ўзлаштириш ҳолатлари аниқланди. Ушбу ҳолатлар бўйича ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилган (суд ҳали бўлмаган – таҳр.). Қолган бошқарув органларига мажбурий кўрсатмалар берилди», — деди.
Вазир ўринбосарининг хабар беришича, илгари бошқарув қоидаларини бузганлик учун бундай органлар йилига фақат бир марта жавобгарликка тортилиши мумкин эди, ҳозир эса ҳар бир аниқланган қоидабузарлик учун маъмурий жавобгарлик қўлланилади.
«Кўп квартирали уйларни бошқариш қоидалари бузилган тақдирда инспекция Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 159-моддаси 2-қисмига (кўп квартирали уйларни бошқариш қоидаларини бузиш) мувофиқ маъмурий чоралар қўллайди», — дея аниқлик киритди.
Озода Жўраева Ўзбекистонда кўп квартирали уйларни бошқариш органлари уч тоифага бўлинишини ҳам аниқлаштирди:
- бошқарув компаниялари (БК);
- уй-жой мулкдорлари ширкатлари;
- кўп квартирали уйни бевосита бошқариш.
«Ўзбекистонда 44 028 та кўпквартирали уй мавжуд бўлиб, уларда 1,5 миллиондан ортиқ хонадон рўйхатда туради. Уларга 971 та бошқарув компанияси, 241 та уй-жой мулкдорлари ширкати ва мулкдорлар томонидан бевосита бошқарувнинг 852 та органи хизмат кўрсатади», — дея қўшимча қилди Озода Жўраева.
Озода Жўраева аввалроқ реновация дастурига тушаётган эски уйларда яшовчилар юқори компенсация талаб қилаётганини, бу инвесторлар учун қийинчиликлар туғдираётганини таъкидлаган эди.