
Ўзбекистон Президенти 2026 йил 5 февраль куни кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорни имзолади.
Ҳужжатда бир нечта асосий мақсадлар белгиланган:
- марказлашган иссиқлик таъминоти тармоқларига уланган 1032 та кўп квартирали уйнинг энергия самарадорлигини ошириш;
- мажбурий бадаллар ва тўловлар ҳисобини «тўлиқ шаффоф ҳисоб-китоб тизими»га ўтказиш орқали дебитор қарздорликни камида 80 фоизга камайтириш;
- кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасидаги хуфиёна иқтисодиётни қисқартириш, бюджет маблағлари ва халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилиш ҳисобига оғир аҳволдаги 10 мингта уйнинг ҳолатини босқичма-босқич яхшилаш;
- кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини тўлиқ рақамлаштириш.
Кўп квартирали уйларни таъмирлаш, тиклаш ва туташ ҳудудларни ободонлаштиришни молиялаштириш
2026–2030 йилларда марказлашган иссиқлик таъминоти тармоқларига уланган кўп квартирали уйларни капитал таъмирлаш ва тиклаш дастурига халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан 200 млн доллар йўналтирилади. Бу Самарқанд, Бухоро, Андижон ва Чирчиқ шаҳарларида жойлашган уйларга тааллуқли.
2026–2027 йилларда туман ва шаҳарлардаги кўп квартирали уйларни таъмирлаш, шунингдек, туташ ҳудудлардаги инфратузилмани қуриш ва тиклаш учун республика бюджетидан 1 трлн сўм ажратилади. Маблағлар болалар майдончалари, суғориш ва ирригация тизимлари, ҳожатхоналар қуриш ҳамда йўлакларни бетонлашга йўналтирилади.
Бундан ташқари, 2026 йилда 1991 йилгача қурилган кўп квартирали уйларнинг электрон паспортларини ишлаб чиқиш учун республика бюджетидан 79,5 млрд сўм ажратилади.
2026 йилда кўп квартирали уйларни таъмирлаш, тиклаш ва туташ ҳудудларни ободонлаштириш учун республика ва маҳаллий бюджетлардан жами 1,8 трлн сўм маблағ йўналтирилади.
Уйларни бошқариш — Mening uyim орқали
2026 йил 1 июлдан бошлаб Тошкент шаҳрида кўп квартирали уйларда умумий йиғилишларни ташаббус қилиш, ўтказиш ва қарорлар қабул қилиш, шартномалар тузиш, бошқарувчилар томонидан ҳисоботлар тақдим этиш, мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш фақат Mening uyim тизими орқали амалга оширилади. 2027 йилдан бошлаб ушбу тартиб мамлакатнинг барча ҳудудларига татбиқ этилади.
Мажбурий тўловлар ҳамда кўп квартирали уйларнинг умумий мулкини ижарага бериш ва фойдаланишдан тушадиган тушумлар ҳисоби ҳам фақат Mening uyim орқали юритилади.
Кўп квартирари уйнинг умумий мулкини ва туташ ер майдонларини сақлаш ҳамда таъмирлаш бўйича йиллик иш режаси, шунингдек, аниқ иш турлари ва суммалар кўрсатилган смета умумий йиғилиш қарори билан тасдиқланади. Ушбу масала бўйича умумий йиғилиш қарори лойиҳаси ҳар йили январь ойида Mening uyim тизимида шакллантирилиши лозим.
Уй-жой тўлови кечиктирилса, пеня ҳисобланади
2026 йил 1 июлдан бошлаб кўп квартирали уйнинг банк ҳисобварағидаги маблағлар ҳар ойда биринчи навбатда уйнинг электр энергияси тўловига йўналтирилади. Агар уй-жой мулкдори мажбурий тўловларни ойнинг 15-санасигача уйнинг банк ҳисобварағига киритмаса, унинг электр энергияси учун тўловларини қабул қилиш қарздорлик тўлиқ узилгунга қадар тўхтатиб турилади. Эслатиб ўтамиз, бундай чорани қўллаш 2024 йилдан бери чиқинди олиб чиқиш учун қарздорлик мавжуд бўлганда электр энергияси тўловини чеклаш билан бирга муҳокама қилинаётган эди.
Мажбурий тўловлар кечиктирилган ҳар бир кун учун тўлов суммасидан пеня ҳисобланади: юридик шахслар учун 0,4 фоиз ва жисмоний шахслар учун 0,1 фоиз, лекин ҳар бир ой учун муддати ўтган тўлов суммасининг 50 фоизидан ошмаслиги керак.
Ҳисобланган пеня тенг улушларда кўп квартирали уйнинг банк ҳисобварағига ҳамда Mening uyim тизимини сақлаш харажатларини қоплашга йўналтирилади.
Шу санадан бошлаб мажбурий тўловларни фақат банк карталари, электрон тўлов тизимлари ёки банк кассалари орқали амалга ошириш мумкин бўлади.
Ҳужжатда айтилишича, авария ҳолатларини тезкор бартараф этиш учун бир кўп квартирали уйнинг маблағлари ўша бошқарувчи бошқарувидаги бошқа уйнинг эҳтиёжлари учун Mening uyim тизими орқали, кейинчалик мулкдорлар олдида мажбурий ҳисобот бериш шарти билан ишлатилиши мумкин.
Кўп квартирали уйнинг умумий мулкини ижарага бериш E-auksion электрон платформаси орқали амалга оширилади, бунда барча маблағлар ушбу уйнинг банк ҳисобварағига йўналтирилади.
Қарзларни реструктуризация қилиш
Тўлов интизомини кучайтириш билан бир қаторда, ҳужжатда қарз юкини енгиллаштириш чоралари ҳам кўзда тутилган.
Уй-жой мулкдорлари ширкатларига ҳудудий электр тармоқлари корхоналари олдидаги 94,6 млрд сўмлик қарздорликни 5 йил муддатга кечиктириб, кейинчалик тенг улушларда тўлаш имконияти берилмоқда. Қўшимча равишда, 18,6 млрд сўмлик ҳисобланган пеняларни кечиш ва уларни кейинчалик ҳисоблашни тўхтатиш маъқулланди.
Шунингдек, собиқ ширкатлардан бошқарув компанияларига ўтган кўп квартирали уйларни таъмирлаш учун жалб қилинган 1,2 трлн сўмлик кредитларни қайтариш муддатини фоизлар ҳисобламаган ҳолда 3 йилга узайтириш кўзда тутилган.
Бош муҳандис
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари тузилмасига «уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш ва эксплуатация ишларини мувофиқлаштириш бўйича бош муҳандис» лавозими киритилди. Уларнинг сони жами 89 та бўлиб, барча туман ва шаҳарларда фаолият юритади.
Улар ҳудудий бўлинма раҳбарининг ўринбосари ҳисобланади ва бевосита коммунал соҳага масъул вазир ўринбосарига бўйсунади.
Бош муҳандислар кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасидаги қоидабузарликлар бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштириш ва уларни кўриб чиқиш учун ваколатли органларга юбориш ҳуқуқига эга бўлади. Бундан ташқари, агар Mening uyim тизимида бир ой давомида мулкдорлар умумий сонининг 50 фоиздан ортиғи «Бошқарувчи фаолиятидан қониқмайман» тугмасини босса, бош муҳандис вазиятни ўрганади ва бошқарувчига нисбатан чора кўради.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасидаги барча тузилмалар ишини мувофиқлаштирувчи ва жойлардаги масъул мансабдор шахслар фаолияти самарадорлигини баҳоловчи ваколатли назорат органи мақомида мустаҳкамланди.