Президент аппарати ҳузуридаги ОАВ учун контент тайёрлаш маркази раҳбарияти тасдиқланди

Ўзбекистон президенти Администрацияси раҳбарининг фармойиши билан президент аппарати (ПА) ҳузуридаги ОАВ учун контент тайёрлаш маркази раҳбарияти тайинланди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Контент тайёрлаш маркази президентнинг давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, проактивлик ва натижадорликни ошириш тўғрисидаги 2025 йил июль ойидаги фармонига асосан ПА матбуот хизмати медиа маркази негизида ташкил этилган.

Қобулжон Ҳаликович Аҳмедов марказ директори этиб тайинланди. Бунгача у Миллий телерадиокомпаниянинг «Ёшлар» ижодий уюшмасига раҳбарлик қилган, ундан аввал эса MY5 телеканали бош директори лавозимида ишлаган.

Таниқли режиссёр ва шу вақтгача президент матбуот хизмати медиа маркази раҳбари бўлган Ҳусан Равшанович Солиҳов марказ директори ўринбосари этиб тайинланди.

Президент матбуот хизматида бош консультант, ундан аввал эса UzReport телеканали бош муҳаррири лавозимида ишлаган Жаҳонгир Муҳаммадали ўғли Абдураҳмонов марказ директорининг иккинчи ўринбосари бўлди.