Ўзбекистонда Конституциявий судга мурожаат қилиш тартиби соддалаштирилади

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Конституциявий суди фаолиятини такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонни имзолади.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, ҳужжат Конституциявий суд фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, фуқароларнинг конституциявий одил судловдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, суд ишларини юритишнинг шаффофлиги ва самарадорлигини оширишга қаратилган.

Фармонда қуйидагилар кўзда тутилган:

  • фуқаролар ва юридик шахсларнинг Конституциявий судга мурожаат қилиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш;
  • конституциявий шикоят институтини такомиллаштириш ва суд ҳимоясини кучайтириш;
  • давлат органлари фаолияти устидан самарали конституциявий назоратни таъминлаш;
  • 2026–2027 йилларда Конституциявий суд фаолиятининг барча жараёнларини рақамлаштириш дастурини амалга ошириш;
  • 2027 йил 1 августдан бошлаб мурожаатларни электрон шаклда юбориш, онлайн кузатиш ва суд мажлисларида видеоконференцалоқа форматида иштирок этишни назарда тутувчи «E-KSUD» ахборот тизимини жорий этиш;
  • суд мажлисларини реал вақт режимида трансляция қилиш ва аудиоёзувини олиб бориш, электрон баённомаларни шакллантиришни ташкил этиш;
  • фуқаролар ва тадбиркорларга қўшимча юк юкламаган ҳолда, давлат органларининг ахборот тизимлари билан интеграциялашув орқали зарур маълумотларни электрон шаклда олиш.

«Фармоннинг амалга оширилиши Конституция устуворлигини таъминлашга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга, шунингдек, суд тизимига замонавий, очиқ ва фуқароларга йўналтирилган механизмларни жорий этишга хизмат қилади», — деб таъкидлади Шерзод Асадов.

2026 йилда Конституциявий суд алоҳида бинога жойлашиши кутилмоқда. Ҳозирда у Президент администрацияси бинолари мажмуасида жойлашган. 2026 йил январдан унинг штати 8 бирликка кенгаяди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил баҳорида давлат раҳбари янги таҳрирдаги «Конституциявий суд тўғрисида»ги қонунни имзолаган эди. Қонунда Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга шахслар рўйхатига фуқаролар ва юридик шахслар, болалар омбудсмани ва бошқалар киритилган эди.