«Вазият назорат остида»: Қурилиш-уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги — қурилишлар туфайли коммуникацияларга тушаётган юклама ҳақида

2025 йил 7 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида нуқтали қурилишлар сабабли канализация ва сув тармоқларининг ортиқча юкланиши масаласи кўтарилди.

Депутат Сайёра Жумаева ҳовлилар ва маҳаллаларда кўп қаватли уйларнинг оммавий қурилиши ҳали совет даврида лойиҳалаштирилган муҳандислик инфратузилмасининг ортиқча юкланишига олиб келаётганидан хавотир билдирди.

Унинг сўзларига кўра, аҳоли сонининг ўсиши ва нуқтали қурилиш сув таъминоти ва канализация тизимларига тушадиган юкламани оширмоқда, бу тизимлар кўпинча бундай зичликка мўлжалланмаган.

«Бугунги кунда ҳовлилар ва маҳаллалардаги бўш ер участкаларида кўп қаватли уй-жойлар фаол қурилмоқда. Лекин ахир бу жойларда сув таъминоти ва канализация тармоқларининг ўтказувчанлик қобилияти ўтган асрдаёқ лойиҳалаштирилган-ку. Бу тармоқларга ҳозир бир неча баробар юқори юклама тушмаяптими? Қурилишга рухсатнома беришда мавжуд қувватлар ҳисобга олинадими?», — деб сўради.

Қурилиш ва уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Ғайрат Раҳимов тармоқларнинг ортиқча юкланиш хавфи ҳақиқатан ҳам мавжудлигини тасдиқлади, лекин «Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариш тўғрисида»ги қонунда бунинг олдини олиш механизмлари кўзда тутилган.

Бу норма Вазирлар Маҳкамасининг 256-сонли қарорида ҳам мустаҳкамланган бўлиб, хизмат Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади.

«Қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилган: агар тармоқларнинг — ҳам сув таъминоти, ҳам канализация — қуввати етарли бўлмаса, сув таъминотини таъминловчи ташкилот техник шартлар бермайди ва уланиш учун имконият яратмайди», — дея изоҳ берди.

Қурилиш-уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, ўтган йили тармоқларнинг ўтказувчанлик қобилияти етарли бўлмаганлиги сабабли уланиш учун техник шартлар беришни рад этиш бўйича 350 га яқин ҳолат қайд этилган.

«Конкрет мисол келтираман. Чилонзор туманида 600 истеъмолчига мўлжалланган тармоққа уланиши керак бўлган кўп қаватли уй-жойни лойиҳалаштиришда, канализация тизимининг қабул қилиш қобилияти уланишга имкон бермаслиги аниқланди. Рухсатнома бериш рад этилди», — деди Раҳимов.

Унинг таъкидлашича, бундай текширувлар доимий равишда ўтказиб келинмоқда. Юкламанинг ошишига қарамай, унинг сўзларига кўра, вазият назорат остида. Шу билан бирга, давлат дастурлари доирасида муҳандислик тармоқлари ва тозалаш иншоотларининг қувватини кенгайтириш ишлари давом эттирилмоқда.