
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 2 февраль куни кўмир ва уран тармоқларини ривожлантириш режалари ҳамда соҳадаги жорий ҳолат билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, 2025–2026 йиллар куз-қиш мавсумида 10 млн тонна кўмир қазиб олиш режалаштирилган — бу ўтган мавсумдагидан 1,3 млн тоннага кўп. Бугунги кунгача 9 млн тонна кўмир қазиб олинган бўлиб, бу ўтган йилги кўрсаткичдан 590 минг тоннага кўп. Президент кейинги мавсумда қазиб олиш ҳажмини 11 млн тоннага етказиш зарурлигини таъкидлади.
Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Урал Юсупов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида қўшимча қилишича, 10 млн тонна кўмирдан 4,9 млн тоннасини иссиқлик электр станцияларига, 1,6 млн тоннасини аҳолига ва 700 минг тоннасини бюджет ташкилотларига етказиб бериш кўзда тутилган.
Бунинг учун Тошкент вилояти ва жанубий ҳудудлардаги конларни ўзлаштиришни тезлаштириш, селектив қазиб олишни кенгайтириш, шунингдек, аутсорсинг асосида қўшимча кон техникаси ва экскаваторларни жалб қилиш вазифалари қўйилди.
Ангрен шаҳридаги «Нишбош» кўмир конини ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Қиймати 494 млн доллар бўлган, қарийб 233 млн тонна захирага эга инвестиция лойиҳаси доирасида 2026 йилда қазиб олишни бошлаш ва 1 млн тонна кўмир чиқариш режалаштирилган. Истиқболда коннинг йиллик қувватини 10 млн тоннага етказиш мўлжалланмоқда. Лойиҳанинг амалга оширилиши 880 та доимий иш ўрни яратиш имконини беради.
Тақдимотда кўмирни чуқур қайта ишлаш асосида янги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. «Ўзкимёсаноат» компанияси ташаббуси билан кўмирни кимёвий қайта ишлаш орқали полимер маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш режалаштирилган. Лойиҳа қиймати 5 млрд доллар деб баҳоланмоқда, у 8–9 млн тонна кўмирни қайта ишлаб, йилига 1,18 млн тоннагача полимер маҳсулотлари чиқаришни назарда тутади.
Вазир ўринбосари Урал Юсуповнинг маълум қилишича, кўмир тармоғида хусусий тадбиркорлар сонини кўпайтириш бўйича алоҳида топшириқлар берилган. Ҳозирги вақтда соҳада 16 та хусусий компания фаолият юритмоқда ва уларнинг сонини 20 тадан ошириш, шунингдек, бизнес учун имкониятларни кенгайтириш вазифаси қўйилди. Уларнинг иштирокини кенгайтириш ҳисобига 2026 йилда қўшимча 2,5 млн тонна кўмир қазиб олиш режалаштирилган.
Шунингдек, президент Ангрен конидан қазиб олинаётган паст сифатли кўмир қатламларини қўшимча бойитиш ишларини жадаллаштириш ва аҳолига сифатлироқ кўмир етказиб беришни таъминлаш бўйича топшириқ берди.