
Комил Алламжонов аввалроқ Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари этиб тайинланган Саида Мирзиёеванинг мустақил маслаҳатчиси этиб тайинланди.
У инновацион иқтисодиётни ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, сўз эркинлигини таъминлаш ва мустақил оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш каби йўналишларда жамоатчилик асосида маслаҳат беради.
Администрацияга қайтиш
Комил Алламжонов (1984 й. т.) — Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти (2006) ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети (2010) битирувчиси.
У Avtotest автомактаби ва Autodriver Study ҳайдовчиларни имтиҳон қилиш маркази, «Солиқ инфо» газетаси, BEM бухгалтерия фаолиятини автоматлаштириш дастури ва бошқа лойиҳалар асосчиси ҳисобланади.
2005—2009 йилларда Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати раҳбари вазифасини бажарувчи, 2009—2013 йилларда — ДСҚ раисининг матбуот котиби — ахборот хизмати раҳбари бўлган.
2017—2018 йилларда Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари — Президент матбуот котиби лавозимида ишлаган. 2018—2020 йилларда Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (2019 йил февраль ойида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги негизида ташкил этилган) директори бўлган.
2020—2022 йилларда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси бўлган.
2022—2023 йилларда Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари лавозимида, жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ахборот сиёсати учун масъул бўлиб ишлаган.
2022 йил кузида Комил Алламжоновга Ўзбекистонда мактабларда Финляндия таълим тажрибасини жорий этиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш вазифаси юклатилган эди.
2023 йил август ойида Президент Администрацияси Ахборот сиёсати департаменти раҳбари бўлди, 2024 йил сентябрда эса лавозимидан озод этилди. У хусусий секторга қайтишини маълум қилган эди.
Кўп ўтмай — 2024 йил октябрь ойида — икки номаълум шахс Тошкент вилоятида Комил Алламжонов уйига кетаётган Range Rover йўлтанламас машинасига бир неча бор ўқ узган. 2025 йилнинг февраль ойида Ҳарбий суд суиқасдни уюштиришда айбланган 10 кишини узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилди (23 йилгача).