Кучли таъсир этувчи модда сақловчи қарийб 100 минг қути оздирувчи кофе мусодара қилинди

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида таркибида кучли таъсир этувчи сибутрамин моддаси бўлган кўп миқдордаги оздирувчи кофенинг ноқонуний сотилишига чек қўйилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати хабар бермоқда.

1985 йилда туғилган маҳаллий фуқаронинг (илгари судланган) уйида ўтказилган тинтув давомида божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 95 мингдан ортиқ турли номдаги маҳсулот қутилари топилди.

Сибутрамин кучли таъсир этувчи дори воситалари рўйхатига киритилган бўлиб, уларни чакана сотиш (бериш) фақатгина махсус дорихоналар томонидан амалга оширилади.

Мазкур шахсга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 251-1-моддаси 5-қисми (кучли таъсир қилувчи моддаларни қонунга хилоф равишда олиш, сақлаш, сотиш — 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) билан жиноят иши қўзғатилди.

Тергов тақиқланган препаратларнинг чет элдан етказиб бериш каналларини аниқламоқда.