
Тошкент ҳокими Шавкат Умурзоқов 2025 йил 21 июль куни йўлларнинг ўртасига металл тўсиқлар ўрнатиш лойиҳасини молиялаштиришни ошириш тўғрисидаги қарорни имзолади.
Ҳокимликнинг 2025 йил 20 майдаги аввалги қарорига кўра, 5,6 км металл тўсиқлар ўрнатиш учун 1,45 миллиард сўм, асосан мактаблар ва бошқа ўқув муассасалари яқинидаги кўтарилган пиёдалар ўтиш жойлари учун эса 588 миллион сўм ажратилиши режалаштирилган эди. Молиялаштириш пойтахт туманлари бўйича тақсимланган.
Янги қарорда фақат тўсиқлар ўрнатиш учун 6,91 миллиард сўм ажратилиши ҳақида сўз боради, бу аввалги суммадан 4,7 баравар кўп. Ҳужжатда маблағларнинг туманлар бўйича тақсимланиши ҳақида батафсил маълумот берилмаган ва қанча километр тўсиқ ўрнатилиши режалаштирилгани аниқлаштирилмаган.
Маблағлар Шаҳар ривожлантириш фондидан ажратилмоқда. Лойиҳанинг мақсади йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш ва пиёдалар иштирокидаги ЙТҲларнинг олдини олиш этиб белгиланган. Ишларнинг буюртмачиси ҳокимлик ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» компанияси ҳисобланади.
2024 йилда Тошкентда 1280 та ЙТҲ содир бўлган. Уларда 91 киши ҳалок бўлган ва қарийб 1200 киши жабрланган. Депутатлар ЙҲХБга ўлим ҳолатларини кескин камайтириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилишни топширдилар. Топшириқлар орасида ҳам илғор (кўтарилган ўтиш жойлари), ҳам баҳсли (тўсиқлар) чоралар бор эди.
2025 йил февраль ойида Тошкентда кўчаларнинг ўртасига яна тўсиқлар — энди рангли тармоқ ( «евротўсиқ») ўрнатила бошлагани ҳақида ёзган эди. Шу билан бирга, улар вилоятларда ҳам пайдо бўлди. ЙҲХБнинг таъкидлашича, мақсад — рухсат этилмаган жойларда кўчаларни кесиб ўтишнинг олдини олиш. Урбанистлар эса пиёдаларни чеклаш эмас, балки улар учун шароитлар яратиш керак деб ҳисоблашади.