
Ўзбекистонда Мутолаа маданиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади, давлат органлари ва идораларида эса китоб ўқишда фаол ходимларни рағбатлантириш тизими жорий қилинади. Бу президентнинг 2026 йил 15 январдаги қарорида кўзда тутилган, деб хабар берди Адлия вазирлиги.
Ҳужжатнинг асосий мақсади 2026—2030 йилларда аҳолининг китобхонлик фаоллиги даражасини ошириш — бир кишига йилига ўртача 10 тагача китоб тўғри келишига эришиш этиб белгиланди.
Қарорга мувофиқ, Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида Мутолаа маданиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади, шунингдек, унинг васийлик кенгаши таркиби тасдиқланади. Жамғарма маблағлари ёш муаллифларни қўллаб-қувватлаш ва таржимонлик фаолиятига, шунингдек, болалар адабиётини ривожлантиришга йўналтирилади.
Хусусан, жамғарма:
- ёш ёзувчиларга грантлар ажратади ва уларнинг асарларини нашр этишни молиялаштиради, болалар адабиёти соҳасидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди;
- истеъдодли муаллифларни аниқлайди ва уларга бир йилгача муддатга базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 50 бараваригача (20,6 млн сўм) ҳар ойлик мукофот тўлайди;
- энг яхши хорижий китобларни ўзбек тилига ва миллий адабиёт намуналарини чет тилларига таржима қилиш ҳамда нашр этиш харажатларининг 50 фоизини, шунингдек, муаллифлик ҳуқуқи харажатларининг 80 фоизигача бўлган қисмини қоплайди;
- васийлик кенгаши аъзоларига ҳар чоракда БҲМнинг 50 бараваригача (20,6 млн сўм) миқдорда чораклик мукофот тўлайди.
Бундан ташқари, барча вазирлик ва идораларда ходимлар ўртасида китобхонликни рағбатлантириш чоралари жорий этилади. 2026 йил 1 мартга қадар тавсия этиладиган профессионал адабиётлар рўйхати шакллантирилади, ҳар йили камида учта соҳага оид хорижий нашр ўзбек тилига таржима қилинади.
2026 йил 1 апрелга қадар давлат органлари ва уларнинг тизим ташкилотларида «китоб бурчаклари» ташкил этилади, ходимлар учун эса ҳар ойлик «мутолаа соати» жорий қилинади. Шунингдек, китобхонлик фаоллигининг ички рейтинг тизими йўлга қўйилади.
Танлов натижаларига кўра, энг китобхон ходимга бир ойлик иш ҳақи миқдорида пул мукофоти берилиши кўзда тутилган.
Барча вазирлик ва идораларда 1 мартга қадар тегишли фаолият йўналишлари бўйича тавсия этиладиган касбий адабиётлар рўйхати шакллантирилади.
Қўшимча қилинишича, энг китобхон 100 нафар ўқувчи ва талабаларнинг ҳар бири БҲМнинг 25 баравари (10,3 млн сўм) миқдорида пул мукофоти олади.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 февралдан бошлаб:
- «Китоб — маърифат манбаи» дастури амалга оширилади;
- давлат органларининг китоблар ва китобхонлик ҳақидаги рекламалари ижтимоий реклама деб тан олинади;
- жамоат транспортида (автобус, метро, самолёт, поезд) «Mutolaa» платформасидан интернет орқали фойдаланиш имкониятлари яратилади, қулайлик учун QR-кодлар жойлаштирилади.
Мактабларда «Жадидлар изидан» китобхонлар клублари ташкил этилади. Унинг аъзолари ўртасида ўқилган китоблар муҳокамаси ўтказилади, фаол иштирокчилар эса туман ва шаҳар миқёсида рағбатлантирилади.