
Ўзбекистонда Йўл ҳаракати қоидаларини арзимас даражада бузганлик учун маъмурий таъсир чораси сифатида маъмурий огоҳлантириш жорий этилди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартиришларни 2026 йил 4 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев имзолади. Ушбу ўзгартиришлар 2025 йил 1 ноябрда Сенат томонидан маъқулланган эди.
Маъмурий огоҳлантириш ёзма ёки электрон шаклда расмийлаштирилади ва бир шахсга нисбатан йилига бир мартадан кўп бўлмаган ҳолда қўлланилиши мумкин. Бунда фуқаро чин кўнгилдан пушаймон бўлиши ва маъмурий огоҳлантириш кўзда тутилмаган бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этмаган бўлиши лозим.
Маъмурий огоҳлантириш қуйидаги ҳуқуқбузарликларга тааллуқли:
- ҳайдовчиларнинг хавфсизлик камарларидан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслиги, мотоцикл ва мопед ҳайдовчиларининг мотошлемлардан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслиги (125-модданинг 1-қисми);
- белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган ёки мажбурий техник кўрикдан ўтмаган ёхуд носозликлари бўлган ёки фавқулодда вазиятда ойнани синдириш учун болғача билан жиҳозланмаган, ўт ўчиргич, тиббий ёрдам қутичаси, фавқулодда тўхташ белгиси ва нур қайтарувчи жилет билан бутланмаган, шунингдек, чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар миқдори ва шовқин даражаси белгиланган нормалардан ортиқ бўлган транспорт воситаларини бошқариш (125-модданинг 2-қисми);
- ҳайдовчиларнинг транспорт воситасини бошқариш вақтида телефондан фойдаланиши (қулоқчинлар ва қўлни ишлатмасдан мулоқот қилиш имконини берувчи мосламалардан фойдаланиш бундан мустасно) (128-1-модда);
- транспорт воситасини бошқариш вақтида теле- ва видеодастурларни томоша қилиш учун салоннинг олд қисмига ўрнатилган монитордан (дисплейдан) фойдаланиш (128-2-модда);
- транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши (128-6-модда);
- транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузиш (135-1-модда);
- пиёдаларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, йўлнинг белгиланмаган жойларидан кесиб ўтиши, йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланаётганда телефондан фойдаланиши, китоб ёки даврий нашрларни ўқиши, видеоматериалларни томоша қилиши ва аудиоматериалларни эшитиши, шунингдек, бошқа электрон воситалардан фойдаланиши, худди шунингдек, скутер, мопед ва велосипедларни, индивидуал ҳаракатланиш воситаларини бошқараётган, уловли аравани бошқариб бораётган ва йўлдан фойдаланувчи бошқа шахсларнинг ҳаракатни тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, йўл белгилари талабларига риоя этмаслиги (138-модданинг 1-қисми);
- фуқароларнинг ҳайдовчиларга турли хизматлар кўрсатиш мақсадида йўлнинг қатнов қисмида бўлиши, йўлнинг ажратилган минтақаси доирасида чорва молларини боқиш (138-модданинг 2-қисми).
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил май ойида маъмурий огоҳлантириш тизимини жорий этиш бўйича топшириқ президент Шавкат Мирзиёев томонидан берилгани ҳақида хабар берилган эди.
2025 йил июнь ойида бу борадаги қонун лойиҳаси парламентга киритилган эди. Огоҳлантириш бериладиган ҳуқуқбузарликлар рўйхати статистика асосида ва уларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси юқори эмаслиги инобатга олинган ҳолда танлаб олингани маълум қилинганди.