Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 март куни иқтисодиётда кичик ва ўрта бизнес (КЎБ) ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида фармон имзолади.
Ҳужжат давлат раҳбарининг кичик ва ўрта бизнес (КЎБ) вакиллари билан учрашуви ҳамда уларнинг таклифлари асосида қабул қилинди.
Хусусан, ҳукумат 2025 йил учун қуйидаги мақсадли кўрсаткичларни белгилади:
- кичик ва ўрта бизнеснинг ЯИМдаги улушини 55% га, саноат ва экспортда — 34% га, бандликда — 75% га етказиш;
- камида 600 та субъектни «чемпион тадбиркор» даражасигача йириклаштириш;
- коммунал, қурилиш, ижтимоий ва бошқа хизматларда кичик бизнес улушини икки баравар ошириш;
- 100 ва ундан ортиқ ходимга эга бўлган 4000 та янги бизнесни ташкил этиш;
- 200 та стартап ва 100 та бренд маҳсулот ишлаб чиқариш корхонасини йўлга қўйиш;
- 30 минг гектар ерда юқори даромадли экинларни етиштириш орқали 16 та агропарк ва 9 та агросаноат мажмуасини барпо этиш.
Тадбиркорларнинг «ўзини ўзи банд қилган шахс — якка тартибдаги тадбиркор — кичик — ўрта — йирик бизнес» занжири бўйича йириклашишини рағбатлантириш мақсадида, 2025 йил 1 майдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахслар якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс мақомига ўтганда давлат божи тўлашдан озод қилинади.
Якка тартибдаги тадбиркор, микрофирма ёки кичик корхона мақомига эга бўлган тадбиркорлар оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 50 миллион сўмгача (ҳозирда — 33 миллион сўм), кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида эса 150 миллион сўмгача (ҳозирда — 100 миллион сўм) гаровсиз кредит олиш имкониятига эга бўлади.
Фаолиятини ўрта ёки йирик бизнес даражасигача йириклаштирган тадбиркорларга бир йил давомида ҚҚС жадаллаштирилган тартибда 7 кун ичида қайтарилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банкка 2025 йилда КЎБни ривожлантириш учун 120 трлн сўм кредит ресурсларини, шу жумладан, 22 трлн сўмни махсус тадбиркорлик дастурлари доирасида ажратиш вазифаси юклатилди.
Қорақалпоғистон Республикаси учун алоҳида чора-тадбирлар белгиланди:
- янги КЎБ субъектларига айланма маблағ айланмаси етарли бўлмаган ҳолатда ҳам гаров таъминоти орқали кредит бериш;
- микрокредитларни онлайн тарзда олиш жараёнини 2025 йил 1 июлгача соддалаштириш;
- айланма маблағни тўлдириш учун 3 йилгача 14% ставкада кредитлар ажратиш ҳамда ягона ижтимоий ҳимоя реестридаги ишсизларни ишга қабул қилганлик учун ҳар бир ходимга 10 миллион сўмдан, 10 ёки ундан ортиқ иш ўрни яратилган тақдирда 100 миллион сўмгача бонуслар тақдим этиш;
- Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги томонидан кредит шартларига риоя этилиши устидан мониторинг ўрнатиш ва қоидалар бузилган тақдирда молиялаштиришни тўхтатиш имкониятини таъминлаш.